Битирувчилар педагогик қасамёд қилди
Самарқанд давлат педагогика институтида 2025-2026 ўқув йили битирувчиларига диплом топширишга бағишланган тантанали битирув кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими соҳаси масъуллари, институт профессор-ўқитувчилари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Маросим аввалида мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Самарқанд давлат педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова сўзга чиқиб, битирувчиларни олий таълимни муваффақиятли тамомлаганликлари билан табриклаб, уларнинг меҳнат фаолиятига муваффақият тилади. Шунингдек, педагоглик касбининг жамият ҳаётидаги аҳамияти ва ёш авлодни тарбиялашдаги масъулияти ҳақида сўз юритди.

Якунига етган ўқув йилида мазкур институт бакалавриат ва магистратура босқичларини 3000 нафардан ортиқ битирувчи тамомлади. Эндиликда улар юртимиз таълим-тарбия тизимида ва бошқа соҳаларда меҳнат қилади. Айни пайтда битирувчиларнинг аксарияти иш жойи аниқ, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида фаолият кўрсатади.

Маросимда институт бакалавриат ва магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар дипломни мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳамда институт ректоридан қабул қилиб олди.

Битирувчилар педагоглик касбининг юксак қадриятларига содиқ қолиш, ўқувчиларга сифатли таълим ва тарбия бериш ҳамда касбий бурчини виждонан адо этишга қаратилган педагог қасамёдини қабул қилди.
Тантанали маросим доирасида таълим тизимида самарали фаолият юритаётган ҳамкор таълим муассасалари раҳбарлари муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, институт билан доимий ҳамкорлик қилиб келаётган Самарқанд шаҳридаги 32-, 33-, 68-умумтаълим мактаблари ҳамда 64- ва 87-мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларига 4+2 амалиёт тизимини самарали ташкил этиш ва амалиётчи талабаларни қўллаб-қувватлашдаги хизматлари учун мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан ташаккурномалар топширилди.

Шунингдек, ўқиш ва жамоат ишларида юқори натижаларга эришган иқтидорли битирувчиларнинг ота-оналари ҳам институт ташаккурномалари билан тақдирланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири