Битирувчилар бандлиги таъминланмоқда
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида 42 минг 100 дан ортиқ йигит-қиз касб-ҳунар коллежини 105 мутахассислик бўйича битирди. Уларнинг 21 мингга яқини қизлардир.
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида 42 минг 100 дан ортиқ йигит-қиз касб-ҳунар коллежини 105 мутахассислик бўйича битирди. Уларнинг 21 мингга яқини қизлардир.Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган изчил ишлар юксак самаралар бермоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлари бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Сурхондарё вилоятида ҳам ёш авлоднинг ўзлари танлаган касб сирларини пухта эгаллаши ва етук мутахассис бўлиб улғайиши учун қулай шароит яратилмоқда. Замонавий коллеж ва академик лицейлар барпо этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Истеъдодли ва изланувчан ёшлар муносиб қўллаб-қувватланмоқда.
– Битирувчиларнинг касб сирларини чуқур ўзлаштириши ва иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилаётгани ёшларнинг бандлик масаласини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Каромат Ашуров. – Бу жараёнда уларнинг ўқув амалиётини сифатли ташкил этиш ва келгусида эгаллаган касби бўйича ишга жойлаштириш юзасидан мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинаётгани ютуқлар омили бўлмоқда. Ёш мутахассислар бандлигини таъминлашда тижорат банклари ва жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётир.
Термиз давлат университети, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир битирувчи ёшларнинг ўқишни давом эттириши, уларни касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш масалаларига бағишланди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2016” кўрик-танлови ҳам касб-ҳунар коллежларини битириб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган қизларнинг интилиш ва ташаббусларини муносиб рағбатлантирди.
– Бугунги битирувчи бундан 25-30 йил аввалги тенгдошларидан мустақил фикрга эгалиги, юксак салоҳияти ва ўзи танлаган касб сирларини пухта ўзлаштиргани билан тубдан фарқ қилади, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова. – Уларнинг бундай фазилатлари мазкур танловда ҳам яққол намоён бўлди. Мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ўз бизнес лойиҳаси билан иштирок этган 400 га яқин бўлажак тадбиркор қизнинг 42 нафари вилоят босқичида ўз лойиҳаси учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлди. Танлов ғолиблари мамлакат босқичига йўлланма олди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан ташкил этилаётган “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловлари ҳам битирувчи ёшларни касбга йўналтириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва уларнинг тадбиркорлик кўникмасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Термиз шаҳри ва туманлардаги 14 касб-ҳунар коллежида фаолият юритаётган бизнес клублар ҳам тадбиркор бўлишга аҳд қилган ёшларни бир сафда бирлаштириш, уларнинг орзу-интилишларини руёбга чиқаришда қулай имконият яратмоқда. 2 мингдан ортиқ ёшни бирлаштирган ушбу бизнес клубларда бўлғуси тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилиб, истиқболли бизнес лойиҳалар тайёрлашга ёрдам берилмоқда. Улар томонидан ўз лойиҳасини руёбга чиқариш учун 15 миллиард 530 миллион сўмга яқин кредит маблағига буюртма берилди. Тижорат банклари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини жорий йилда тамомлаган 100 дан зиёд битирувчига 2 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратди.
Денов туманидаги 6 мингдан ортиқ битирувчининг аксарияти иш билан таъминланди.
Денов саноат тоғ-кон металлургия касб-ҳунар коллежини 8 мутахассислик бўйича 375 йигит-қиз битирди.
– Ўғил-қизларни касбга йўналтиришда малакали мутахассислар ва тажрибали психологларнинг маслаҳати муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди ушбу коллеж директори Бахтиёр Аҳроров. – Шу боис ўғил-қизларимиз ўзлари танлаган мутахассислик сирларини катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Таълим муассасамизда барча шароит мавжуд. Ўқув амалиёти замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўтказилмоқда. Хусусий секторда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилаётир.
Битирувчиларнинг ўттизга яқини “Хонжиза” кон-бойитиш мажмуасига ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинди.
– Ишлаб чиқариш амалиётини ҳам ушбу мажмуада ўтаган эдим, – дейди ёш мутахассис Амирали Омонтурдиев. – Ўқишни тугатгач, коллежда эгаллаган мутахассислигим бўйича ишга қабул қилиндим. Биз, ёшларнинг пухта билим олишимиз, танлаган мутахассислигимиз бўйича ишга жойлашишимиз йўлида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун миннатдормиз.