Битирувчилар бандлиги таъминланади
Нукусда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Нукусда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароитлар яратилаётгани таъкидланди.
Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасида ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни 24 мингдан зиёд ўғил-қиз 96 мутахассислик бўйича тамомлади. Уларнинг мингдан зиёди хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ёшларда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини кучайтирмоқда. Чорвачилик, асаларичилик, иссиқхона барпо этиш, ҳунармандлик ва замонавий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, бир сўз билан айтганда, эл-юртга наф келтиришга интилмоқда.
Тўрткўл транспорт касб-ҳунар коллежини тамомлаган 630 дан зиёд ўқувчининг асосий қисми ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 16 битирувчига тижорат банклари томонидан тегишли кредит маблағлари ажратилмоқда. Ўқишни давом эттиришни мақсад қилган ёшлар мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида тест синовларини топширди.
Семинарда ёшларнинг бизнес режа тузиш, рўйхатга олиш ва молиялаштириш ишларига кўмаклашиш мақсадида йўлга қўйилган “Ягона ойна” сайёр бирлашмаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди. Бу усул Амударё туманидаги 7 касб-ҳунар коллежида тажрибадан муваффақиятли ўтди.
– Амударё туманидаги касб-ҳунар коллежларида ташкил этилган “Ягона ойна” сайёр бирлашмалари фаолияти битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этишда яхши самара бермоқда, – дейди Тўрткўл транспорт касб-ҳунар коллежи директори Озод Қўчқоров. – Бу тажрибани оммалаштириш, барча касб-ҳунар коллежларига татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.