Бишкекда ШҲТ мамлакатлари энергетика вазирлари йиғилди
Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар энергетика вазирларининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирок этди. Унда томонлар минтақавий энергетик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, ШҲТ давлатлари ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш каби устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Жўрабек Мирзамаҳмудов давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ШҲТга аъзо мамлакатлар Энергетика консорциумини ташкил этиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилишича, мазкур тузилма иштирокчи давлатлар ўртасидаги қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Тадбирда мазкур ташаббус бўйича ШҲТга аъзо давлатлар Энергетика консорциумини ташкил этиш концепцияси лойиҳаси тақдим қилинди.
Шундан сўнг консорциумни ташкил этиш концепцияси муҳокама қилиниб, уни биргаликда ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича келишувга эришилди. Шу билан бирга, Қирғизистон томони Бишкек шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар учун энергия самарадорлиги ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этишга ихтисослашган минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Учрашув минтақанинг гидроэнергетика салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ҳамда барқарор тараққиётга хизмат қилувчи қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидланди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, ушбу йиғилиш ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва минтақавий энергетик хавфсизликни таъминлашда галдаги муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева,ЎзА