Биржа ва ярмарка савдолари
Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси вилоят филиалида ўтган йили 279,7 миллиард сўмлик хомашё ва материаллар савдоси амалга оширилди. Унинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида хусусий тадбиркорларнинг хомашё ресурсларидан фойдаланиш имконияти, биринчи навбатда, бундай маҳсулотларни биржа ва ярмарка савдоларида сотиш ҳажмини кўпайтириш ҳисобидан сезиларли равишда кенгайтирилгани алоҳида таъкидланди.Қашқадарё вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси вилоят филиалида ўтган йили 279,7 миллиард сўмлик хомашё ва материаллар савдоси амалга оширилди. Унинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Интернет орқали исталган жойда туриб биржа битимлари, ҳисоб-китоб амалларини бажариш имконини берувчи савдо ва тўлов тизимининг янги авлоди ривожланиб бораётгани эътиборлидир.
– Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 7 февралдаги “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шаҳар ва туманларда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг савдо майдонлари ташкил этилди, – дейди Республика товар-хомашё биржасининг вилоят филиали директори Санжар Эргашев. – Вилоят бўйича 67 брокерлик идораси мавжуд бўлиб, унинг 43 таси филиалимизда, қолгани жойлардаги ўн битта савдо майдонида фаолият олиб бормоқда.
Таъкидлаш жоизки, Республика товар-хомашё биржасида аккредитация жараёнларини оптималлаштириш, савдо иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида барча савдо қатнашчиларини марказлашган ҳолда рўйхатдан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими – “ягона ойна” дастурий мажмуаси жорий этилган. Унинг янги хизматлари биржа аъзолари (трейдерлар)га керакли барча ҳужжатларни Республика товар-хомашё биржасининг ахборот портали орқали тайёрлаш имконини бермоқда.
Замонавий электрон тўлов тизими бўлган ipay ва uzbex.com савдо платформаларининг ишга туширилиши ярмарка савдоларининг тўлақонли, тезкор ўтишини таъминлаш, савдога қўйилган товарларнинг барча сифат кўрсаткичларини тўла ифодалаш имкониятини янада кенгайтирди. Бу эса тўлов талаблари кафолатланган ишончли савдо тизими сифатида ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда харидорлар иштирокини кўпайтириш, савдолардаги умумий маҳсулотлар айланмасининг кескин ўсишига хизмат қилаётир.
– Биржа савдолари мамлакатимиз миқёсида белгиланган вақт ва барча биржа аъзолари ҳамда мижозлар учун тенг шароит яратилган ҳолда, электрон савдо тизими орқали ташкил этилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг Қашқадарё вилояти филиали директори ўринбосари Элбек Тожиев. – Савдо иштирокчилари, тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайлик ва имкониятлар туфайли вилоятимиздан мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъектлари мамлакатимизда ўтказилаётган давлат харидлари савдоларида бевосита қатнашмоқда.
Ўтган йили филиал биржа савдоларида 75 минг 267 тонна ун, 9 минг 437 тонна ўсимлик ёғи ҳамда 3 минг 870 тонна шакар олди-сотди битимлари бажарилган. Шунингдек, шаҳар ва туманларда ташкил этилган омихта-ем, шрот ва шелуха сотиш биржа савдоларида юз минг тоннага яқин маҳсулот сотилди. Ягона электрон биржа савдолари орқали 555 миллиард 609 миллион сўмлик юқори ликвидли маҳсулотлар олди-сотди битими амалга оширилди.