Биржа савдолари ва давлат харидларида шаффофлик масалалари муҳокама қилинди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Республика товар-хомашё биржаси билан ҳамкорликда тадбир ташкил этди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги қарори асосида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш доирасида Янги Ўзбекистонда сўнгги 10 йил давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг ёритиш бўйича медиа-режа” ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Тадбир “Биржада юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар савдоси ва давлат харидлари масалалари” мавзусига бағишланди.

Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ тизими корхоналари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Тошкент металлургия заводи” АЖ ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва сотувчи корхоналар, соҳа маҳсулотлари импортчилари, брокерлик идоралари ва трейдерлар иштирок этди.

Тадбир давомида корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари учун биржа савдоларини ташкил этиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, ёқилғи, кимё саноати ва оғир саноат маҳсулотларини биржа орқали сотиш, давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш жараёнида қоидабузарликларнинг олдини олиш, савдоларда шаффофликни таъминлаш ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш масалалари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Н.Раҳмонова,
О.Пардаев(сурат), ЎзА