Бирни кессанг, ўнни эк...
Миллатимизга хос яхши бир одат, миллий анъана бор — оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ерга янги ниҳол қадалади, мевали кўчат ўтқазилади. Ота-боболаримиздан мерос бу анъаналар замирида ўзига хос катта рамзий маъно бор, албатта. Бу одатнинг хосияти шундаки, туғилган гўдак ёш ниҳол каби кўкка бўй чўзиб, униб-ўсиб кетсин, мевали дарахт сингари ўзидан кўпайиб, серфарзанд, сердавлат бўлсин, деган эзгу ниятлар қилинади.
Дарҳақиқат, ерга қадалган навниҳол кун келиб катта дарахтга айланади, мева тугади. Унинг мевасидан одамлар, жонзотлар роҳат олса, қуёшда тобланган ям-яшил баргларидан атмосфера тозаланади, атроф-муҳит покланади, чуқур илдиз отган томиридан эса тупроқ мустаҳкамланади, намлиги сақланади. Ёғоч сифатида фойдаланиладиган дарахт турлари эса ҳаётий эҳтиёжларимизга хизмат қилади, иморатларимизга устун бўлади. Бу ўзаро боғлиқ жиҳатлар табиат қонуни сифатида бор ҳолича табиатга ва инсониятга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк”, деган мақол бежиз айтилмаган. Зеро, ҳар бир ниҳолнинг, биргина яшилликнинг атрофимизга, ва албатта, биз инсониятга фойдаси катта.

Бугун юртимизда кенг тус олган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатининг маъно-мазмуни, мақсади ҳам юртимизда яшилликни кенгайтириш баробарида табиатни асраш, экология мусаффолигини сақлашдан иборат.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилган эди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида “Обод ва кўркам маҳаллам” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиб, 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Бу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш кўзда тутилган. Ҳар йили куз ва баҳор ойларида жойларда кўчат экилиб, дарахтларнинг парваришига, кейинги тақдирига алоҳида эътибор қаратилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари Ўзбекистонда кузатилган чанг бўрони, юртимизда ҳеч юз бермаган ноқулай ҳолат ушбу акциянинг нақадар долзарблигини, бу хайрли ишга катта масъулият ва алоҳида эътибор билан ёндашиш зарурлигини амалда кўрсатди. Ҳақиқатан ҳам яшил ўрмонлар, дарахтзорлар ташкил этилиши Оролнинг қуриши оқибатида минтақамизда юзага келган оғир экологик муаммоларни юмшатишда, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашда муҳим ўрин тутади. Одамлар ҳаёти учун муҳим бўлган кислород ишлаб чиқарилиши ортади. “Яшил макон” акцияси барча ҳудудларимиз, айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштиришга хизмат қилади.
Яшилликка қараган инсоннинг қалби яшнайди, кўнгли кўтарилади, руҳияти ором олади. Буни ўрмонзор ва яшил тоғ ҳудудларига борганимизда ўз танамиз ва руҳимиз билан ҳис қилганимиз рост. Биргина Тошкентда жойлашган Ботаника боғи олдидан ҳар гал ўтиб кетаётганимда, ўзгача бир софликни, табиат, яшиллик ифорини, ҳаводаги мусаффоликни ҳис қиламан. Энди тасаввур қилинг, мамлакатимизнинг барча ҳудудида ана шундай кенг дарахтзорлар, бутазорлар, яшил маконлар барпо этилса, экологиямиз қанчалик тозаланади, тирикликка, табиатга, жонзот ва инсониятга зарур бўлган кислород миқдори ортади.
Яшил қалқонларнинг кўпайтирилиши ноқулай табиий ҳодисаларнинг олдини олишда долзарб аҳамиятга эга. Шу боис экологик мувозанатни таъминлаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келади. Масалан, Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудида Оролнинг қуриган тубида 1,5 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар ҳамда суғориладиган ерларнинг 7 минг гектарида ихота дарахтзорлар ташкил этилгани эътиборга молик. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини қуйидаги рақамлар мисолида янада теран англаш мумкин. Маълумотларга кўра, битта саксовул 4 тонна кўчки қумини тўхтата олар экан. Шу маънода Оролнинг қуриган тубида саксовулзор ва ўрмонзорлар ташкил этилиши ўта долзарб аҳамиятга эга ташаббусдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 ноябрдаги 694-сонли фармойиши билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасидаги қатор чора-тадбирлар, галдаги вазифалар белгилаб берилди. 2021 йилнинг куз ва 2022 йилнинг баҳор мавсумларида кўчат экишнинг прогноз кўрсаткичлари, кўчат ва қаламчаларни етказиб беришнинг прогноз кўрсаткичлари, шунингдек, ушбу ишларни мувофиқлаштирувчи Республика ҳамда вилоят ва туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари тасдиқланди. Уларнинг асосий вазифалари белгиланди.
– Бугун бутун республикамиз бўйлаб “Яшил макон” акцияси уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмонларни ривожлантириш, кўпайтириш ва қайта тиклаш бошқармаси бошлиғи Ўктам Давронов. – Мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. 2021 йил куз мавсумида 75 миллион, 2022 йил баҳор мавсумида 125 миллион туп кўчат экиш кўзда тутилган. Жумладан, бугунги кунга қадар республикамиз бўйича қарийб 40 миллион туп кўчатлар ўтқазилди. Бунда ҳар бир вилоятнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, экиладиган дарахт дислокацияси билан берилган комплекс чора-тадбирлар белгиланган. Электрон платформа яратилди. Масалан, Бухоро вилоятига қайрағоч тўғри келса, водий вилоятларига лола дарахти, эман, каштан дарахтлари, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари иқлимига эса қайрағоч, заранг каби дарахтлар тавсия қилинмоқда. Бундан ташқари, инсон организмига салбий таъсир кўрсатмайдиган, аллергия қўзғатмайдиган дарахт турларини экишга эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, бута ва дарахтларнинг униб-ўсиб кетишида ҳудудларнинг иқлим шароитларини инобатга олиш муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, парваришда ҳам гап кўп. Кўчат эккан билан иш битмайди. Унинг парвариши, ўз вақтида суғорилиши, униб кетиши учун шароит яратиш, суғориш тизимлари билан таъминланиши ҳал қилувчи масаладир. Ҳар бир экилган дарахтнинг эгаси бўлиши керак.
Маълумотларга кўра, 2018 йилда мамлакатимиз бўйича 145 миллион туп манзарали, ихота дарахтлари экилган. 2019 йилда 150 миллион туп, 2020 йил баҳор мавсумининг ўзида 212 миллион тупга етган. 2020 йил кузи билан 2021 йилнинг кузида экилган кўчатлар таққосланганда 202 миллионга кўтарилган. Аммо яратилган яшил ҳудудларга етарли даражада эътибор қаратилмагани натижасида экилган кўчатларнинг ҳаммаси ҳам сақлаб қолинмаган. Давлат раҳбари куюнчаклик билан таъкидлаганидек, шу пайтгача ўтқазилган кўчатларга етарли даражада эътибор қаратилганда эди, бутун мамлакатимиз дарахтзорга айланган бўларди.
Эндиликда экилган кўчатларни парваришлаш, суғориш тизимлари билан қамраб олиш, пайҳон қилинишининг олдини олиш борасида аниқ вазифалар белгиланди. Ҳудудлар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, мутасадди вакиллар масъул қилиб қўйилди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари келгуси йилда яшил майдонларни суғориш учун кўчалар ичида 250 километр ирригация тизимларини барпо этишга ҳамда 210 та қудуқ қазишга масъул бўлади. Келаси йил 600 гектар янги яшил майдонларда томчилатиб суғориш тизими жорий этилади. 5 йил давомида ҳар йили яшил майдонлар барпо этишга 150 миллиард сўм маблағ ажратилади.
– Жойларга чиққанимизда одамлар бу ишлардан хурсанд эканлигини билдиришмоқда, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев. – Рамзий маънода айтганда, табиат неъматларини биз оталар фарзандимиздан қарзга олганмиз. Бу қарзимизни келажак авлодга бор ҳолича тўлаб беришимиз керак. Афсуски, табиатдаги дарахтларни кескин кесиш, айниқса, айрим мебелчилар ёки тадбиркорлар қинғир йўллар билан кўп йиллик дарахтларни ўз манфаати йўлида кесиб кетиш ҳолатлари учради. Табиат ўч олади, дейишади. Ҳақиқатан ҳам яқинда бўлган чанг бўрони ёки бундан 2 йил олдин Хоразмда бўлган шўр бўронидан одамлар қийналди, нафас йўлларида хасталиги бор инсонлар азият чекди. Бундай табиий ҳодисалар инсониятга ҳам, жонзотларга ҳам, озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир қилмай қолмайди. Шу боис мамлакатимизда дарахтларни кесишга қарши ҳуқуқий асослар яратилди.
Айни кунларда давом этаётган “долзарб 40 кунлик” табиатимизни бойитишда муҳим қадам бўлаётир. Бу саъй-ҳаракатлар яқин 2-3 йилда албатта ўз натижасини кўрсатади. Мазкур ишлар назоратини олиб боришда парламент вакиллари ҳам фаол иштирок этади. Жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда назорат-таҳлил тартибида мунтазам ўрганиб борилади.
Инсон ва табиат — бир-бирига ўзаро чамбарчас боғлиқ тириклик, катта куч. Бу икки хилқатнинг ўзаро тўғри мувозанати ҳар иккисини ҳам ўстиради, ундиради. Аммо ўзаро мувозанат бузилса, ҳар иккаласи ҳам тубсиз жарлик сари юз буради. Шундай экан, инсон ва табиат мувозанатини муносиб сақлаш биз инсониятга кўп жиҳатдан боғлиқ. Табиатда яшил ҳудудлар кенгайса, яшил қалқонлар шакллантирилса, бундан фақат фойда кўрамиз, роҳатланамиз, башарият келажаги мустаҳкамланади. Демакки, юртимизда кенг қулоч ёйган “Яшил макон” лойиҳаси фақат бугунимизга эмас, яқин ва узоқ келажагимизга дахлдор ҳаётий ҳаракатдир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА