Биринчи сафари туризми кластери
“Kemel Travel” МЧЖ раҳбари Толиб Жаҳонгиров томонидан “Сафари туризм кластери – ўтовли оромгоҳ” мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, хорижий сайёҳларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Айдаркўл яқинида ташкил этилган ушбу туризм кластери ташриф буюрувчиларнинг жойлашув жиҳатидан қулай ҳудудда ташкил этилган бўлиб, юқори сифатли жиҳозлар келтирилиб ўрнатилган. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда.

– Бу ерда 30 та 150 ўринли ўтов, меҳмонхона, ресторан мавжуд, – дейди тадбиркор Толиб Жаҳонгиров. – Сайёҳларни тўғридан-тўғри вилоятга олиб келиш мақсадида туроператорлик компанияси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Конимех туманида барпо этилган ўтов, дам олиш ва соғломлаштириш маскани лойиҳасининг умумий қиймати 6 миллиард сўмни ташкил этади. Чўл ҳудудида 2 гектар майдонда ташкил этилган туризм объектида 500 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Бу ўтовли оромгоҳ ишга тушиши натижасида Янгиғазғон овулида истиқомат қилувчи 15 дан ортиқ қишлоқ аҳолиси доимий иш ўрнига эга бўлди.




Ўтовли оромгоҳда очиқ осмон остида турли концерт ва шоу дастурларини ўтказиш имконияти мавжуд. Таъкидлаш ўринлики, Айдаркўл ҳудудига яқин жойлашган чўл ҳудудларида сафари туризмини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда республикамизда мавжуд энг катта сафари туризми объектлари Навоий вилоятида жойлашган бўлиб, доимий равишда сайёҳларнинг қизиқишига сабаб бўлиб келмоқда. Жумладан, бу ҳудудда 855 ўринга эга 7 та ўтовли оромгоҳ фаолият юритиб келмоқда. Мавсум давомида 1,1 миллион нафарга яқин маҳаллий ҳамда 300 минг нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюради. Мазкур “Kemel Travel” ҳам сайёҳларнинг севимли масканига айланади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири