Биргина машинада кунига 35–40 тонна пахта териб олинмоқда
Бугун далалардаги ҳар бир қарич ернинг қадри, ҳар бир етиштирилган ҳосилнинг салмоғи юртимизда аграр соҳани янги босқичга олиб чиқиш, фермерлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этишга қаратилаётган эътибор билан чамбарчас боғлиқ.
Давлат раҳбари ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий техника ва инновацияларни кенг жорий этиш, фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бухоро вилояти далаларидаги бугунги жараёнлар ана шу ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари, Фермерлар кенгаши раиси Актам Хаитовнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Олот туманидаги “Мухтор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, пахта йиғим-терими жараёни билан танишгани ҳам соҳада меҳнат қилаётган инсонларнинг фаолиятига эътибор нечоғли муҳим эканини кўрсатди.
Ташриф давомида Саида Аҳмедова фермер хўжалигидаги пахта йиғим-терими жараёни атрофлича кўздан кечирилди.
Хўжалик тасарруфидаги 23,5 гектарлик пахта майдонида Шинжон уйғур Хитой нави етиштирилган бўлиб, жорий мавсумда 145 тонна ҳосил олиш режалаштирилган. Айни пайтда далада замонавий пахта териш машинаси самарали ишлаётир. Биргина техника кунига 35–40 тонна пахтани йиғиб олиш имкониятини бермоқда.
Бу рақамлар ортида нафақат замонавий техника, балки йил давомида қилинган машаққатли меҳнат, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш, ерга меҳр ва ҳосилга масъулият мужассам.
Пахтачиликда механизациянинг кучайиши эса, ўз навбатида, инсон меҳнатини енгиллаштириш, терим суръатини ошириш ва ҳосилни қисқа муддатларда, сифатли йиғиб-териб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, мавсумий ишларга 30 нафар ишчи жалб этилган. Демак, замонавий техника қанчалик ривожланмасин, уни бошқарадиган, даладаги жараённи ташкил этадиган, ҳар бир ишнинг сифатини назорат қиладиган инсон меҳнати ҳамон асосий куч бўлиб қолмоқда.


Ташриф давомида маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари ва механизаторларининг меҳнатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Ислом”, “Олтин тупроқ”, “Яшнарбек Саноқулов”, “Кўмак бобо”, “Шамсиддин Абдиев” каби фермер хўжаликларида самарали меҳнат қилаётган юртдошларнинг фидойилиги эътироф этилди. Уларга меҳнатини рағбатлантириш мақсадида эсдалик совғалари топширилди. Бир қарашда оддийдек туюлган ушбу эътибор замирида катта маъно бор. Чунки фермернинг даласи — унинг нафақат ризқ-рўзи, балки йиллик меҳнати, орзу-интилишлари ва масъулияти мужассам бўлган маскандир. Механизатор учун эса тонг саҳаридан далага чиқиб, техника рулини бошқариш — оддий иш эмас, балки бутун бир мавсум тақдирини белгилайдиган машаққатли меҳнатдир. Шу боис меҳнат эгасининг қадрланиши, унинг фидойилиги эътироф этилиши — янги марраларга чорлайдиган маънавий кучдир.
Қишлоқ хўжалигида, айниқса, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этишда маҳаллий раҳбарларнинг масъулияти ҳам беқиёс. Шу маънода Олот тумани ҳокими Н. Неъматованинг соҳага эътибори, пахта йиғим-теримини тизимли ташкил этишдаги фаоллиги ва жонбозлиги ҳам эътироф этилди. Унга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаси топширилди. Зеро, ҳосилни етиштириш бир масала бўлса, уни ўз вақтида ва нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш яна бир муҳим вазифадир. Бу жараён фермердан тортиб механизатор, ишчи, маҳалла ва мутасадди раҳбарларгача бўлган барча бўғиннинг ҳамжиҳат меҳнатини талаб қилади.
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига фақат ҳосил етиштириладиган соҳа сифатида эмас, балки аҳоли фаровонлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, бандлик ва ҳудудлар иқтисодий тараққиётини таъминлайдиган стратегик йўналиш сифатида қаралмоқда.


Шунинг учун ҳам давлат сиёсатида фермерлар ва қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида урғу берилмоқда. Олот далаларидаги манзара эса ана шу эътиборнинг ҳаётдаги ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири