Бир сиқим тупроқни кўзимга суртсам...
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича хайрли ҳамда савобга йўғрилган ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда умргузаронлик қилаётган 45 нафар уруш қатнашчиси бундай юксак ҳурмат-эҳтиромдан мамнун бўлиб, дориламон кунларга шукроналар айтмоқда.
Инсон доимо умид билан яшайди. Шунинг учун ҳам оғир вазиятлардан халос бўла олади. Олтиариқ тумани Янгиқўрғон қишлоғида туғилган Қаҳҳор ота Марипов қирғинбарот жанглар майдонига кириб борганда 18 ёшда эди. Умрининг энг гуллаган даври ватан ҳимоясига тўғри келди. 1943 йилда Сталинградга етиб бориб мотоўқчи бўлинмада хизмат қилишни бошлади. Белорус, Венгрия давлатларидаги қонли урушларда қатнашиб, оёғидан яраланади. Ўқ теккан пайти фақат ватани ва онаси кўз ўнгидан ўтди. “Бир сиқим тупроқ олиб кўзимга суртган ҳолда жон берсам” дея қилган илтижолари ижобат бўлиб, омон қолди. Ҳаёт учун курашди, шу боис ҳам жароҳати битиб, оёққа турди.
Қаҳҳор ота урушдан қайтиб, туман мудофаа ишлари бўлим бошлиғи лавозимида 10 йил фаолият олиб борди. Умр йўлдоши билан бирга олти нафар фарзандларининг ҳаммасини элу юртга нафи тегадиган фидойи инсонлар қилиб тарбиялади.
Отахон элу юртнинг ҳурмат-эҳтиромидан миннатдор эканини айтиб, дуога қўл очганда, Ватанимизга тинчлик-омонлик, фаровонлик тилайди. Нуроний ҳолидан қўни-қўшнилари, маҳалла-кўй доимо хабардор.
– Шукроналикда ҳикмат кўп экан, – дейди Қаҳҳор ота. – Тўқсон олтинчи баҳорни қаршилаётган бўлсам-да, юксак эътибор, ҳурмат-эҳтиромдан яшариб кетгандекман. Кунда-кунора бир хурсандчилик. Юртимиз доимо тинч бўлсин. Бу кунларни қадрлаш керак.
Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Фарғона гарнизони ҳарбий хизматчиларининг тарғибот жамоаси ҳам бу хонадонда бўлиб, иззат-икром кўрсатди.
9 май — Хотира ва Қадрлаш кунини вилоятда яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг барчаси давлатимиз ҳамда халқимиз томонидан кўрсатилаётган чексиз иззат-икром оғушида, шоду хуррамлик билан қарши олмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА