Бир саволга бир жавоб
САВОЛ: - Савдо дўконларидан нон маҳсулотларини олиш жараёнида харидорлар бир нечта нонни ушлаб кўриб, ичидан биттасини танлаб олаётганлигига гувоҳ бўламиз.
САВОЛ: - Савдо дўконларидан нон маҳсулотларини олиш жараёнида харидорлар бир нечта нонни ушлаб кўриб, ичидан биттасини танлаб олаётганлигига гувоҳ бўламиз. Айтинг-чи, ушбу ҳолат қонун бўйича мумкинми, аслида қандай тартиб бўлиши керак? Ахир ўша нонни ушлаб кўраётган одам турли юқумли касалликлар билан касалланган бўлиши ҳам мумкин-ку?!
ЖАВОБ: - Эътирозларингиз ҳақиқатда ўринли. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 12-моддасига кўра, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 50-56-бандларида нон ва нон маҳсулотларини сотилиши бўйича сотувчиларга қўйиладиган талаблар ҳам белгиланган. Унга кўра, нон ва нон-булка маҳсулотлари сотувчи савдо объектлари махсус анжомлар (вилкалар, пичоқлар, ажратувчи тахталар, стеллажлар, полкаларни нон ушоқларидан тозалаш учун чўтка ва бошқалар) билан жиҳозланган бўлиши керак. Харидорларга нон ва нон-булка маҳсулотлари, махсус анжом қўлланилмаган тақдирда, махсус қўлқоплар (полиэтилен қўлқоплар ёки бошқа қўлқоплар) воситасида берилиши мумкин.
Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида коронавирус касаллигини тарқалишини олдини олиш мақсадида, сотувчилардан ўта эҳтиёткорлик талаб қилинади. Айтайлик, бозорда новвой нони сотаётган сотувчи ҳимоя ниқоби ва махсус қўлқопда бўлиши, сотувчи харидорларнинг ҳимоя ниқобларида бўлишларига ва ижтимоий масофа сақлашларига эътибор қаратиши лозим бўлади.
Демак, юқоридагиларни умумлаштирилса, амалдаги қонун ва қоидалар талабларига кўра, сотувчилар истеъмолчининг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига зарар етказилишини олдини олиш чораларини таъминлаши шартдир.
Федерациянинг ягона қисқа рақамли ишонч телефони “1091“