Бир қатор қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди
Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан қатор қонунлар муҳокама қилинди.
Дастлаб, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Мазкур қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган очиқ ва шаффоф, самарали ва яхлит тизимни яратишдан иборатдир.
Муҳокама жараёнида амалдаги қонуннинг ижроси борасида мавжуд бўшлиқ ва муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, харидлар аксарият қисмининг очиқлик ва шаффофликни таъминловчи ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилиши, харид қилиш тартибини назорат қилиш тизимининг бугунги талабга жавоб бермаслиги ҳамда давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйишнинг кўпайиши каби камчиликлар учраётганлиги таъкидланди. Натижада биргина 2019 йилда 729 та ҳолатда 2 триллион 908 миллиард сўмлик шартномаларнинг буюртмачилар томонидан берилган буюртмалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан битимлар тузилишига йўл қўйилган.
Қонун давлат харидларига йўналтириладиган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбаларнинг мақсадли ишлатиш, ҳукуматнинг кафолатланган кредит ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, давлат секторини зарур товар, иш ва хизматлар билан таъминлашда қисқа муддатларда “нарх-сифат” кўрсаткичларини уйғунлаштириш, коррупцияга қарши курашишда самарали натижаларга эришиш каби долзарб масалалар ечимида муҳим ўрин тутади.
Ялпи мажлисда “Экологик аудит тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама марказида бўлди. Мазкур қонун билан экологик аудит субъекти амалга оширадиган хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш юзасидан экологик аудиторлик ташкилоти томонидан тизимли, ҳужжатлаштирилган ва мустақил баҳолашлар ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад экологик аудит соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шу билан бирга, экологик аудитнинг асосий принциплари мустақиллик, холислик, махфийлик ва ишончлиликдан иборатдир. Экологик аудиторлик ташкилотлари экологик аудитни ўтказиш чоғида шартномага мувофиқ халқаро экологик аудит стандартларини қўллаши ҳам мумкин.
Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА