Бир нуроний — ўн ёшга масъул
Жамият тараққиёти, аввало, авлодлар ўртасидаги мустаҳкам ришталарга, ҳаёт тажрибаси ва эзгу қадриятларнинг ёшлар қалбига сингдирилишига боғлиқ. Зеро, кексалик — четга чекиниш эмас, аксинча, йиллар давомида орттирилган билим, тажриба ва ибратни келажак авлодга улашишнинг энг масъулиятли давридир. Айниқса, бугун ёш авлод тарбиясида нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси ва оқилона маслаҳатларига эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Ана шу эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди. Унда вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган фаол нуронийлар, ёшлар, тегишли ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этишди.
Кўрик-танловнинг мазмун-моҳияти оддий мусобақадан кўра анча кенг. Унда нуронийларнинг шахсий намунаси, бой ҳаётий тажрибаси, маънавий дунёси ва ёшлар билан ишлашдаги салоҳиятини намоён этиш билан бир қаторда, авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлаш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда нуронийларнинг ҳаёт йўли, касбий ва инсоний тажрибаси, билим ҳамда маънавий мероси ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Айниқса, ёшларни ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, меҳнатсеварлик, масъулият ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда авлодлар ҳамжиҳатлиги муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Дарҳақиқат, ёшга насиҳат қилиш осон, аммо унга ўз ҳаётинг билан намуна бўлиш — катта масъулият. Шу маънода, фаол нуронийлар ёшлар учун шунчаки маслаҳатгўй эмас, балки ҳаёт мактабининг тажрибали устозларидир. Уларнинг ҳар бир сўзи ортида йиллар синовидан ўтган тажриба, ҳар бир насиҳати замирида эса бир умрнинг сабоғи мужассам.
Кўрик-танлов давомида иштирокчиларнинг ёшлар билан ишлаш тажрибаси, маънавий-маърифий йўналишдаги фаолияти, маҳаллаларда ёшларни турли ташаббусларга жалб этиши, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиши, шунингдек, ҳаётий тажрибасини ёш авлодга етказиш борасидаги ташаббуслари атрофлича баҳоланди.
Бу жараёнда бир жиҳат айниқса эътиборга молик бўлди: нуронийларнинг ёшлар ҳаётига таъсири фақатгина насиҳат билан чекланмайди. Улар ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, одоб-ахлоқ, оилавий қадриятлар, маҳаллага дахлдорлик, жамият олдидаги масъулият каби тушунчаларни амалий мисоллар орқали англатишда ҳам катта кучга эга.
Танлов якунида эса муносиб иштирокчиларнинг меҳнати ва фаолияти муносиб эътироф этилди.

Биринчи ўрин Бухоро тумани “Қавола Маҳмуд” маҳалла фуқаролар йиғини фаол нуронийси Ҳамида Жўраевага насиб этди. Иккинчи ўринни Қоракўл тумани “Пойкент” маҳалла фуқаролар йиғини фаол нуронийси Гулбаҳор Қутлиева эгаллади. Учинчи ўрин эса Ғиждувон тумани “Шўрча” маҳалла фуқаролар йиғини фаол нуронийси Гавҳар Холмуродовага берилди.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар совғалар, ташаккурномалар ҳамда дипломлар билан тақдирланишди. Аслида, бу танловнинг энг катта мукофоти — эгалланган ўрин эмас. Унинг чинакам қадр-қиммати нуронийларнинг ўз тажрибаси билан ёшлар ҳаётига кириб бориши, бир ёшнинг тўғри йўл танлашига сабаб бўлиши, бир оилага маслаҳат, бир маҳаллага ташаббус, бир авлодга эса ибрат улашишидадир.
Бир нуроний ўн ёшга масъул бўлса, ўша ўн ёш эртага юзлаб тенгдошларига ибрат бўлиши мумкин. Демак, бугун берилган бир яхши маслаҳат, кўрсатилган бир эзгу намуна, айтилган бир самимий сўз эртанги куннинг катта натижасига айланиши ҳеч гап эмас.
Авлодлар ўртасидаги бундай маънавий кўприклар қанча мустаҳкам бўлса, жамиятнинг келажаги ҳам шунча ёрқин бўлади. Чунки нуронийларнинг хотираси — тарих, тажрибаси — мактаб, дуоси эса келажак сари йўлга берилган катта маънавий маддадир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири