Бир мурожаат изидан
Биз “снос”га қарши эмасмиз. Маҳалламизнинг кўркам, кўчаларимизнинг кенг, озода бўлаётганидан қувонамиз.
Уйи бузилган фуқаро 8-9 ойдан буён судма-суд юрибди
Биз “снос”га қарши эмасмиз. Маҳалламизнинг кўркам, кўчаларимизнинг кенг, озода бўлаётганидан қувонамиз. Лекин, бу жараёнда бизнинг адолат истаб, неча ойдан буён судма-суд елиб-югуриб юрганимизни қандай тушуниш мумкин? Ўз уйимга эгалигимни тиклаш мақсадида мурожаат этмаган жойим деярли қолмади. Наҳотки, уй-жойининг бир қисми бузилган инсонни шунча хўрлашса¬я? Кимга алам қилмайди, дейсиз?!
Бу бизга ёрдам илинжида мурожаат йўллаган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Шарғун шаҳарчаси, Маданкон маҳалласи Шахтёрлар кўчаси 30-уйда яшовчи Жаҳонгир Хурсановнинг аризасини ўрганиш учун борганимизда айтган сўзлари.
Аслида озодалик, ободлик бор жойда, кўркам маҳалла ва қишлоқда қут-барака бўлади. Одамларнинг дунёқараши, яшашга иштиёқи ўзгариб, янада фаровон турмуш кечиришга интилиши ортади. Бугун мамлакатимизда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Обод марказ” дастурлари асосида амалга оширилаётган йирик бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳам ана шундай улуғвор мақсадга қаратилган. Бироқ, бундай эзгу ишларни айрим кишиларнинг уйим “снос”га тушди, дея нотўғри талқин қилаётгани ҳам бор гап. Лекин, биз ҳовлисининг бир қисми бузилишга тушган Ж.Хурсанов ва турмуш ўртоғи Ситора Хурсановалар билан суҳбатлашиб, уларнинг тилида ҳам, дилида ҳам Шарғунда юз берган янгиланишларга розилик аломатини, фахр ҳиссини сезгандек бўлдик. Бир тарафи тугалланмаган қурилиш, бир тарафида униққан ҳовлининг “снос”га тушмай қолган турар-жойларида етти жон шукрона айтиб яшаётганини кўрдик.
Хўш, унда Ж.Хурсанов нега 8-9 ойдан буён судма-суд юрибди, унинг мақсаду-муддаоси нима, дея ҳақли савол беришингиз мумкин.
Президентимиз ўтган йил 30 апрель – 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини қайта тиклаш, Шарғун шаҳрининг қиёфасини тубдан ўзгартириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқларни берган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида олис ва тоғли шаҳар йирик бунёдкорлик майдонига айланди. Мавжуд кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш, янги турар-жой бинолари, кенг, равон йўллар барпо этиш, турли ижтимоий соҳа объектларини қуриш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканларини яратиш, табиий газ ва тоза ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш бўйича оламшумул ишлар амалга оширилди. Шарғун яна тоғ қўйнидаги гўзал ва обод гўшага айланди.
Қисқа вақтда амалга оширилган бундай улкан ишлар асносида шаҳарнинг тасдиқланган бош режасига мувофиқ айрим иморатлар бузилган. Йўллар кенгайтирилган. Янги лотоклар ўрнатилиб, дов-дарахтлар тартибга келтирилган. Бошқалар қатори фуқаро Ж.Хурсановнинг Шахтёрлар кўчасидаги 30-уйида бир пайтлар қурилган ошхона, ҳаммом, омборхона ва бошқа ёрдамчи бинолар ҳам бузилишга тушган.
Шу ўринда бир нарсани айтиш лозимки, Ж.Хурсановнинг қўлидаги ҳужжатларга асосан мазкур уй-жойни унга 2012 йил 27 августда момоси Солия Хурсанова нотариал идораси орқали ҳадя қилиб берган. Уй-жойнинг ҳадя шартномасида унинг низоли мулк ёки таъқиқда эмаслиги, гаровга қўйилмагани, бошқа шахсга ўтказилмагани кўрсатилган. Туман архитектура ва қурилиш бўлимининг 303-маълумотномасида бузиладиган ҳудудга киритилмагани маълум қилинган. Туман ҳокимининг 2012 йил 15 августдаги 572-қарори билан С.Хурсанованинг уйи тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган. Ж.Хурсанов номига туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли гувоҳнома берилган.
Аризада гап “снос” баҳонасида бундан саккиз йил аввал неварасига ҳадя қилинган уйнинг вафот этган С.Хурсанова номига қайта ўтиб қолгани хусусида бормоқда. Эндиликда Ж.Хурсанов ва унинг турмуш ўртоғи ана шу масаланинг ечимини тополмай судма-суд сарсон бўлиб юрибди.
Бузилишга тушган иморатларимиз мустақил баҳоловчилар томонидан 63 миллиондан ортиқ сўмга нархланди,¬ дейди Жаҳонгир Хурсановнинг турмуш ўртоғи Ситора Хурсанова.¬ Бунга ҳам эътироз билдирганимиз йўқ. Шу пулни тўлаб берамиз, дейишди. Кейин туман ҳокимлиги томонидан бир қисми бузиб ташланди.
Бу ҳам етмаганидек, судга бериб, уйимизга эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилишди. Биз ёрдамчи иморатларимиз бузилганига ҳам, баҳоланган қийматдаги пули тўлаб берилмаганига ҳам арз қилаётганимиз йўқ. Бизга уйимизнинг зимдан марҳум момомиз номига ўтиб қолгани алам қилаётир.
Гарчанд бузилган ёрдамчи хўжаликлари учун компенсация тўлови амалга оширилмаган бўлса-да, маҳаллий ҳокимлик девор ва қўшимча биноларни қуриш учун 4 минг дона пишиқ ғишт, икки тонна цемент, 70 дона шифер билан таъминлаган.
Майли, бир пайтлар ҳовлида шаҳарсозлик нормаларига зид ёрдамчи бинолар қурилган бўлиши мумкин ҳам, дейлик. Кейинчалик бу мулклар давлат нотариал идораси орқали сизга ҳадя шартномаси орқали берилган бўлса, қандай қилиб, вафот этган момонгиз С.Хурсанова номига қайта ўтиб қолиши мумкин?,¬ сўраймиз Ж.Хурсановдан.
– Биз ҳам шу саволнинг жавобини тополмай саргардонмиз, ¬дейди Ж.Хурсанов.–¬ Ўлган момомнинг қайта уйли-жойли бўлиб қолиши учун туман прокурори туман ҳокимининг 2012 йил 15 августдаги 572-қарорини бекор қилиш бўйича протест киритган. 30 май куни ёзилган протест 31 май куни кўриб чиқилиб, туман ҳокими ижро ва маълумот учун қабул қилган. Ўша пайтдаги ҳоким А.Жўраев бу ҳақда тегишли қарор чиқарган. 2019 йил 22 майда фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судига “Шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг бир қисмини бузиш тўғрисида“ даъво аризаси киритган. 26 августда “Сариосиё тумани ҳокимининг 2019 йил 31 майдаги 2907-сонли қарорини қонунга мувофиқлаштириш ҳамда марҳум Хурсанова Солиянинг Шарғун шаҳри Мадонкон маҳалласи ҳудудидаги ер участкасини рўйхатдан ўтказиш, уй-жойи ва хўжалик иморатларига бўлган мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва расмийлаштириш тўғрисида“ қарор қабул қилган. Ана шу қарор билан марҳум момомнинг уй-жойига эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатига олиниб, гувоҳнома берилган.
Фуқаро Ж.Хурсанов туман ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилдириш мақсадида Сариосиё тумани маъмурий судига даъво аризаси киритган. Ўтган йилнинг 2 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида даъвогарнинг бу талаби рад этилиб, қаноатлантирилмаган. Шундан сўнг Сурхондарё вилояти маъмурий судига кассация тартибида мурожаат қилган. Жорий йилнинг 10 январь куни вилоят маъмурий суди кассация судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида шикоят кўриб чиқилиб, Сариосиё тумани маъмурий судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
– Туман ва вилоят маъмурий судининг қарорида бир жумла бизни ажаблантирди, – дейди Ж.Хурсанов. – Ҳар иккаласида ҳам “Сариосиё тумани прокурорининг 2019 йил 15 август кунидаги 14/254-19 сонли Сариосиё туман ҳокимининг 3019 йил 31 май кунидаги қарорини мувофиқлаштириш ҳақидаги протестига кўра... “ деган сўзлар ёзилган. Бу суд мажлислари номигагина ўтказилиб, қарорлар ҳам шоша-пиша чиқарилган, деган шубҳа уйғотди, қонун ҳимоячиларига ишончимизни йўқотди. Йўқса туман маъмурий судининг қароридаги “3019 йил 31 май“ деган жумлани вилоят суди кассация инстанцияси тўғрилаб кўчириши, ёзиши мумкин эди-ку!
Нотариал идораси орқали ҳадя шартномаси билан олган уйи марҳум момосининг номига ўтиб кетган Ж.Хурсанов фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 31 майдаги қарорида туман ҳокимлигининг шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг бир қисмини бузиш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилганидан норози бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига шикоят қилади.
– Бу ишни кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди кассация инстанцияси ҳар бир ҳолатни чуқур ўрганиб, ўтган йил 14 ноябрда адолатли ажрим чиқарди, – дейди Ж.Хурсанов. –Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманларо судининг 2019 йил 31 майдаги қарорини бекор қилди. Биз эса Сариосиё туман ва вилоят маъмурий судларининг қарорини бекор қилишга салоҳияти етадиган судьялар борлигига умид боғлаб, Олий Судга мурожаат этдик.
P.S: Халқимизда “Мол аччиғи, жон аччиғи“, деган нақл бор. Эҳтимол ёрдамчи хўжаликлари бузилишга тушган Жаҳонгир Хурсанов ва Ситора Хурсановалар туман раҳбарларига мол аччиғида билиб-билмай қаттиқ гапирган, дилини ранжитган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ, биз бу ҳақда икки тарафдан ҳам сўрашни ўзимизга негадир эп кўрмадик. Нима бўлганда ҳам бу ишни Олий Суд судьялари чуқур ўрганиб, адолатли қарор чиқаришига ишонамиз. Бу уларнинг нафақат адолат ҳимоячиси сифатидаги балки, пок виждони олдидаги муқаддас бурчидир.