Бир иссиқхонадан беш марта ҳосил олинади
Меҳнат қилиб, экин етиштирган инсон борки, ҳосилни барвақт сотувга чиқариш ва ундан мўл даромад олишга ҳаракат қилади.
Меҳнат қилиб, экин етиштирган инсон борки, ҳосилни барвақт сотувга чиқариш ва ундан мўл даромад олишга ҳаракат қилади. Кейинги вақтда миришкор деҳқонларнинг бу борадаги интилишларига ер ва сувдан оқилона фойдаланиш истаги ҳам қўшилмоқда.
Янгиликка интилиб, яратиш завқи билан меҳнат қилаётган ёшларимиздан бири ПискентликДавронбек Қуроловнинг иссиқхонасида бир йўла уч хилда қишлоқ хўжалиги экини етиштирилмоқда.
–Аслида уч сотихда помидор етиштиришни бошладик ва йилига икки марта ҳосил етиштирдик, – дейди Давронбек. – Даромад яхши бўлгани боис икки йилда қарийб ўн сотихга кенгайтирдик. Шу йил баҳорда агрономлар билан маслаҳатлашиб, помидор кўчатлари ёнига узумнинг “Ризамат” навидан 120 туп экдик.
Помидорнинг кўм –кўк барглари орасида қизариб турган кўркам ҳосил орасидан узум барглари ҳам мўралаб тургани жуда эътиборни тортар экан. Иссиқхона охирида барқ уриб турган лимон кўчатлари ҳам кўзни қувонтиради. Бу тажриба қанчалик самара берар экан, агар барча экинларни ҳосили йўқотилса-чи? Балки, бу аралаш экиш тажрибасини кимдир кўллаган бўлса, ўрганиб олдингизми? дея Давронбекдан суриштиришни бошладик.
–Бошқаларда кўрганим йўқ, шунчаки олимлар, ерни тилини биладиган деҳқонлар билан гаплашдим, – дейди Давронбек.– Иссиқхонадаги узум одатдагидан бир ой аввал пишар экан. Бу вақтда бозорда рақобат ҳам бўлмайди, бемалол сотиш мумкин. Бу йил экилган токлар икки йилдан кейин ҳосил беради. У иссиқхона симларига ўралиб тепага ўсаверади. 2,5 мингта помидор кўчати экканмиз. Улардан ўртача, 5 тонна ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Баҳорда аламино навидан мўл ҳосил олдик. Унинг мевалари чиройли ва харидоргир. Кузда пинсара навини экдик. Унинг ранги гулоби бўлиб, бозорда эътиборни тортади. Мазаси ҳам сувли бўлиб, яхши тош босади.
Узоғи билан уч йилдан кейин томорқасидан бир йилда камида беш марта ҳосил олишни мўлжаллаб турган Қуроловлар оиласи, айни вақтда имтиёзли кредит олиб, иссиқхонага тежамкор иситиш қурилмасини ўрнатиш ниятида.