Бир асрлик ҳаёт, бир умрлик жасорат
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида ҳозирда бир асрлик умр довонидан ошган икки нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Улардан бири – Тошлоқ тумани Шодлик маҳалласида яшовчи 104 ёшли уруш фахрийси Одилжон ота Зокировдир.
Эндигина 19 ёшни қарши олган ўзбек ўғлони 1942 йилнинг кузида юрт ҳимояси учун фронтга йўл олган. Жанг майдонларида бир неча бор оғир яраланганига қарамай, жасорат ва матонат кўрсатган. Урушда олган жароҳатлари асорати бугунгача сақланиб қолган бўлса-да, нуронийнинг руҳи тетик, хотиралари эса ниҳоятда равшан.
[gallery-29239]
Берлингача бўлган машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтган фахрий хонадонида кичик музей ташкил этилган. Бу ерда уруш йилларига оид ёдгорликлар сақланиб, янги авлод учун ўзига хос тарих дарси вазифасини ўтамоқда. Одилжон ота ёшларга ўтмиш ҳақидаги хотираларини завқ билан сўзлаб беради.
Урушдан кейинги йилларда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилган. Марказий Фарғонанинг чўл ва дашт ерларини ўзлаштиришда, пахтачиликни ривожлантиришда отахоннинг муносиб ҳиссаси бор.
Отахон турмуш ўртоғи Буоиша ая билан биргаликда 10 нафар фарзандни вояга етказиб, уларни эл-юртга наф келтирадиган инсонлар этиб тарбиялади. Бугунги кунда эса 300 нафарга яқин невара ва чеваралар меҳри ва эътиборида умргузаронлик қилмоқда.
Фахрий отахон 2017 йилда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент шаҳрига ташриф буюриб, Президент билан учрашганини катта фахр билан эсга олади. Давлат раҳбари томонидан ҳар йили йўлланаётган табрик ва моддий рағбат, шунингдек, маҳаллий раҳбарларнинг доимий эътибори унинг умрига умр қўшаётганини таъкидлайди.
Жорий йилда ҳам Президент фармонига мувофиқ, уруш қатнашчиларига 30 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ажратилгани ҳақидаги хабар нуронийни беқиёс мамнун этди. Бу каби ғамхўрлик ва эътибор, албатта, инсон қадри улуғланаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА