Бино-иншоотлар қурилишида янгича ёндашув
Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида янги иншоотлар, уй-жойлар бунёд этилаётган бўлиб, уларнинг сифати ҳам доимий назоратда.
Хусусан, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси Фарғона вилояти бўлими ходимлари томонидан жойларда мунтазам мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Бешариқ тумани “Файзиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 5-мактабгача таълим ташкилоти биносига қўшимча хоналар қуриш объектида мониторинг амалга оширилди.

Ўрганиш жараёнида объектнинг лойиҳа смета ҳужжатларида энергия самарадорлик талабларига тўлиқ риоя этилмаганлиги аниқланди. Жумладан, мазкур қурилиш объектида иккиламчи ҳамда қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланиш талаблари кўзда тутилмаган, дераза ромларининг ойналари икки қаватлидан уч қаватлига ўзгартирилмаган, иситиш радиаторлари орқа томонларига иссиқлик қайтарувчи ҳимоя материаллари ўрнатилиши белгиланмаган. Инспекция томонидан юқоридаги камчиликлар бартараф этилгунга қадар қурилиш-монтаж ишларини вақтинчалик тўхтатиш бўйича кўрсатма берилди. Албатта, бу қурилишлардаги қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бирмунча вақт, харажат, ҳаракат талаб этади.

Тадбиркор Муҳиддин Каримов томонидан эса Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган “Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” 5-банди талаблари бузилган. Хусусан, регламент талабларига зид равишда, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида инспекцияга хабарнома юбормасдан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Шу сабабли, инспекция мутахассислари томонидан объектнинг қурилиш ишлари тўхтатилиб, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан баённома расмийлаштирилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки қонунчиликка кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган барча, шу жумладан, давлат ва хусусий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари, спорт комплекслари, локал иситиш иссиқлик тизимига уланадиган кўп хонадонли уй-жойлар, “Янги Ўзбекистон” массивлари, умумий майдони 1000 квадрат метрдан катта бўлган барча савдо-кўнгилочар марказларнинг бино-иншоотларини лойиҳалаштириш ва ишга туширишда иссиқ сув истеъмоли ҳажмининг камида 25 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш сув иситиш қурилмалари орқали қопланиши талаб этилади.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган лойиҳа ҳужжатлари бўйича қурилиш ишларини бошлаш ҳамда иссиқ сувдан фойдаланиш кўзда тутилган янги бино-иншоотларда қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган тақдирда бундай бино-иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
М.Сулаймонов,
ЎзА