Биляпмизу, аммо идрок этмаяпмиз – эко-муаммо...
Инсоният табиат қонунларига амал қилмаётгани боис ўз бошига кўплаб балолар орттириб олаётирки, буларнинг нима сабабдан келаётгани, қаёқдан келаётганига ҳали ҳам ақли етгани йўқ.
Замондошларимиз шундай буюк кашфиётлар, улуғ ихтиролар қилаётирки, уларни кўрган кишининг ақли шошади. Лекин ана шундай ақлли, билимли одамларнинг жуда ҳам оддий нарсаларга ақли ожизлик қилаётгани кишини ҳайратга солади.
Жисмини, кийим-кечагини, уй-жойини, маҳалласини, борингки, шаҳрини озода тутиб, аммо уларнинг атрофини ахлатга тўлдириб юборганлар ўзлари ўйлагандек, покиза инсонлар бўла олмаслигини мана бу тадқиқот исботлаб беради:
«Атроф-муҳитнинг ифлосланиши урушдагидан 15 баробар кўп одамнинг умрига зомин бўлади. "Lancet" журналининг атроф-муҳит ифлосланиши ва инсон саломатлиги масаласи устидан тадқиқот олиб борувчи комиссияси олимлари шундай қарорга келди. Тадқиқот натижаси нашрнинг сайтида эълон қилинди.
Хабарда маълум қилинишича, 2015 йилда ҳаво ифлослангани оқибатида турли касалликка чалиниб вафот этган инсонларнинг сони тўққиз миллионга етган. Бу дунё бўйича ўлим ҳолатининг 16 фоизи демак. Олимларнинг таъкидлашича, бу кўрсаткич, ОИТС, сил касаллиги ва безгакни ҳам қўшиб ҳисобланса, уларнинг ёнига уруш ҳам қўшилса, ана ўшалардан ҳам кўп экан.
Шунингдек, олимлар экологиянинг ёмонлашуви инсонларнинг ўлимига кашандалик, очлик ва табиий офатлардан ҳам кўп сабаб бўлади, дейишмоқда. Боз устига, айрим давлатлардаги ўлим ҳолатининг чорак қисми атроф-муҳит ифлослиги оқибатида юз берар экан.
Бундан ташқари, олимлар экологик муаммолардан энг кўп азият чекувчилар аҳолининг қашшоқ қатлами эканини аниқлашди. Ҳисоб-китоблар ҳаво ифлослиги оқибатида рўй бераётган ўлимларнинг, тахминан, 92 фоизи аҳолисининг даромади ниҳоятда паст даражада бўлган давлатлар ҳисобига тўғри келишини кўрсатди.
Энг ёмони, экологиянинг булғангани болаларга кучли таъсир қилади. Айниқса, чақалоқларга кимёвий моддалар жуда ёмон таъсир қилиб, уларни бутун умри давомида даволаниб юришга мажбур қиладиган ва алалоқибат ўлим билан якунланадиган ногиронликка олиб келиши мумкин экан.
Илгарироқ Европа атроф-муҳит агентлиги ҳаво ифлослиги йилига юз минглаб европаликларнинг ерта ўлимига сабаб бўлаётганини маълум қилган эди».
Ушбу маълумотлар дунё давлатлари мисолида эди. Хўш, энди бизнинг юртимизда нима гаплар?
Бултур кузда ҳамма ёқни чанг-тўзон қоплагани ёдингизда. Буни кўрганда аввалига туман келяпти, деб ўйлагандик, кейин қарасак, нафас олишимиз қийинлашиб боряпти. Чангми, нима бало, деб ҳамма дарров эшик-ромларини маҳкамлаб ёпиб олди. Аммо ўша чанг энг зич ёпилган ромлардан ҳам ўтиб, хоналаримизнинг ичини чангга тўлдирди. Кейин "нега бундай бўлди?" деб қизиқа бошласак, шаҳримизнинг ҳавоси ифлосланиш бўйича дунёда энг олдинги ўринларга чиқиб кетибди.
Ўтган йилнинг 17 октябрь оқшомида Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги бўйича IQAir рейтингида Деҳлини ҳам ортда қолдириб, дунёда 1-ўринга чиқиб олибди. Ўтган ҳафтада эса 2-ўринга тушгани айтилди. Бу – дарахтларга қирғин келтириш, пала-партиш қурилишлар ва сифатли жамоат транспорти йўқлиги, шаҳарда шахсий автомобиллар ҳаракати ортиб бораётгани сабабли юз бермоқда. Демак, биз шу вақтга қадар сира ҳам хаёлимизга келтирмаган муаммога дуч келиб турибмизки, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар фақат узоқлардаги давлатларнинг эмас, айниқса, бизнинг муаммоимиз экан.
Лекин биз экологик муаммоларнинг қанчалар жиддийлигини билганимиз билан ҳали ҳам тўлақонли идрок этаётганимиз йўқ. Натижада ҳар йили миллионлаб дарахт кўчатларини шунчаки қадаб қўйиб, била тура исроф қилиб юборяпмиз, оқибатини билган ҳолда оқар сувларга ҳатто кимёвий чиқиндиларни ҳам ташлаб юборяпмиз... Оқибатда турли касалликлар кўпайиб боряпти.
Ана шундай кўрсаткичлар шоядки, инсонларни атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундаса. Бунда ахир инсониятнинг авлодлари ҳақида сўз боряпти. Қайси инсон фарзандининг ногирон бўлиб, оғир дард заҳмати остида ҳаёт кечиришини истайди, қайси давлат халқининг ногиронлар жамиятидан иборат бўлишига рози бўлади?! Хулоса ўзингиздан.
Мансур ЎРОЛОВ,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистранти