Билимлар куни: янги мақсадлар, янги қадамлар
Бугун юртимиз бўйлаб барча умумтаълим муассасаларида янги ўқув йилига старт берилди.
Айниқса, мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан уйғун равишда нишонланаётган Билимлар куни барча учун қувончли ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.

Бу йил мамлакатимиз мактабларига 795 минг нафардан ортиқ биринчи синф ўқувчилари илк бор қадам қўймоқда. Уларга анъанага кўра, 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари” топширилди.
2026–2027 ўқув йилида мамлакатимиздаги 10 минг 225 та умумтаълим мактабида 550 минг нафардан зиёд ўқитувчи 6,7 миллион нафардан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия беради.

Юқори Чирчиқ туманидаги 20-умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди. Мактабда ўтказилган Билимлар кунига бағишланган тантанали тадбирда устозлар, ўқувчилар ва ота-оналар иштирок этиб, янги ўқув йилининг илк кунини катта хурсандчилик билан қарши олдилар.
Айни мактаб жамоасида ёш, изланувчан педагоглар ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Шундай устозлардан бири — Маликахон Кенжаева. Ушбу мактабда ўқитувчилик фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, у қисқа вақт ичида ўзининг тиришқоқлиги, изланувчанлиги ва касбига бўлган меҳри билан жамоа эътиборига тушди.

Маликахон Кенжаева мактаб жамоасининг қўллаб-қувватлови билан бир йил давомида нафақат ўқувчиларга сифатли таълим беришга, балки ўз устида мунтазам ишлашга ҳам эришди. У малака тоифасини қўлга киритиб, рус тили фани бўйича халқаро сертификатга ҳам эга бўлди.
— Ёш педагог учун энг муҳими — тўғри йўналиш ва доимий изланиш. Мактабимизда тажрибали устозлар ёш ўқитувчиларга ҳар томонлама кўмак беради. Бу эса бизга ўз устимизда ишлаш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш учун катта рағбат беради, — дейди М.Кенжаева.
Бугунги кунда мазкур мактабда 105 нафар педагог фаолият юритиб, ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия бериш йўлида меҳнат қилмоқда. Мактаб директори Дилдора Ортиқова ҳам изланувчан ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Билимлар куни муносабати билан ташкил этилган бугунги тантанада ҳам ана шу эзгу мақсад — ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни Ватанга муҳаббат ва юксак мақсадлар руҳида тарбиялаш ғояси устувор бўлди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА