«Билимлар куни» кўтаринки руҳда нишонланди
Сирдарё вилоятида 2026–2027 ўқув йили катта шодиёна — «Билимлар куни» билан бошланди. Вилоятнинг барча ҳудудларида янграган илк қўнғироқ садолари минглаб ўғил-қизларни янги билим ва кашфиётлар, эзгу орзу-мақсадлар ҳамда юксак марралар сари чорлади. Айниқса, бу йилги «Билимлар куни» Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги билан уйғун ҳолда нишонланаётгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
«Билимлар куни» муносабати билан Гулистон шаҳрининг Янги ҳаёт маҳалласида янгидан барпо этилган замонавий умумтаълим мактабида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева, фахрийлар, нуронийлар, педагоглар, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Тантана Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари билан бошланди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари, устоз ва мураббийлари ҳамда ота-оналарга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам тадбирида мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган биринчи синф ўқувчиларига алоҳида эътибор қаратилди. Илк бор мактаб партасига ўтирган ўғил-қизларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат жамланма топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги рамзи туширилган эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди. Мактаб кутубхонаси учун бадиий ва маърифий адабиётлардан иборат китоблар жамланмаси ҳадя қилинди.
[gallery-31205]
Шу тариқа қувонч ва ҳаяжонга тўла байрам тадбирида янги ўқув йилининг илк қўнғироғи жаранглади. Унинг жарангдор садолари остида ўқувчилар синф хоналарига йўл олдилар ва янги ўқув йилининг биринчи машғулоти — «Мустақиллик дарси» бошланди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўқувчилар билан самимий мулоқот қилиб, улар учун «Мустақиллик дарси»ни ўтди. Савол-жавобларга бой, очиқ ва эркин мулоқот шаклида ўтган дарс ёшлар хотирасида узоқ сақланадиган қизиқарли ва мазмунли учрашувга айланди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиши осон кечмагани, бугунги озод ва фаровон ҳаёт замирида халқимизнинг асрлар давомидаги орзу-интилишлари мужассам экани ҳақида сўз юритилди. Ўқувчиларга мустақиллик туфайли халқимизнинг миллий ўзлиги, тили, миллий қадрият ва анъаналари тиклангани, мамлакатимиз тараққиёти учун мутлақо янги имкониятлар очилгани ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, миллат равнақи ва юрт озодлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ҳаёти ва фаолияти, уларнинг миллий уйғониш, илм-маърифат ва тараққиёт ҳақидаги орзу-мақсадлари ҳамда халқимиз тарихидаги ўрни ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим, илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, спорт ва бошқа соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган улкан ютуқлар ва яратилган имкониятлар ҳақидаги фикрлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ёшлар билан мулоқот жараёнида уларни Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва дахлдорлик туйғуси руҳида тарбиялаш, пухта билим эгаллаши, замонавий касб ва ҳунарларни ўзлаштириши муҳимлиги таъкидланди.
Янги ўқув йилини янги мактабда қарши олаётган ўқувчилар учун бугунги байрам яна бир жиҳати билан аҳамиятли бўлди. Гулистон шаҳри Янги ҳаёт маҳалласидаги мазкур замонавий умумтаълим мактаби Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Унинг қурилишига 13 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди. 990 ўринга мўлжалланган замонавий таълим муассасасига жорий ўқув йилида 502 нафар ўқувчи қабул қилинди. Шундан 100 нафари биринчи синф ўқувчиларидир.
Янги таълим масканида ўқувчиларнинг сифатли ва замонавий билим олиши, фанларни чуқур ўзлаштириши, иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Тадбирдан сўнг вилоят ҳокими мактабдаги ўқув хоналари ва яратилган шароитлар билан танишди.
Соҳа мутасаддилари ва педагоглар билан мулоқотда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга йўналтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.
«Билимлар куни» тадбирлари фақат Гулистон шаҳридагина эмас, балки Сирдарёнинг барча туман ва шаҳарларида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди. Шу куни вилоятнинг 351 та таълим муассасасида янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбирлар ташкил этилди.
Айни пайтда мазкур таълим муассасаларида 162 минг 89 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Шунингдек, вилоятдаги 12 та ихтисослаштирилган мактабда 3 минг 57 нафар, Президент мактабида 160 нафар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида 196 нафар, 23 та нодавлат таълим муассасасида эса 3 минг 288 нафар ўқувчи билим олмоқда. Уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун таълим муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратилган.
— Жорий ўқув йилида Сирдарё вилоятида 19 минг 566 нафар ўғил-қиз биринчи синфга қабул қилинди. Улар учун 1 сентябрь нафақат янги ўқув йилининг, балки ҳаётдаги янги, муҳим ва масъулиятли босқичнинг бошланиши бўлди. Кечагина боғчага бориб юрган болажонлар бугун мактаб партасига ўтириб, катта ҳаёт сари илк қадамларини қўйдилар. Энди улар олдида янги билимларни эгаллаш, ўз қобилият ва истеъдодини намоён этиш, орзу-мақсадлари сари интилишдек шарафли вазифалар турибди, — дейди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева.
Зеро, мактаб — нафақат билим бериладиган, балки инсоннинг дунёқараши, орзу-мақсадлари ва келажакка бўлган ишончи шаклланадиган муқаддас маскандир. Бугун Сирдарёда жаранглаган илк қўнғироқ садолари минглаб ўғил-қизларни янги билимлар, улкан орзу ва буюк мақсадлар сари чорлади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА