Билим ва тафаккур синови
Бугун “Заковат арена”да “Заковат” интеллектуал ўйинининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси кубоги турнири ташкил этилди.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мазкур интеллектуал турнирда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда тизим ташкилотларидан жами 16 та жамоа иштирок этди.
Ҳудудий босқичда Санэпидқўмита таркибига кирувчи муассасаларнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари орасидан интеллектуал салоҳияти юқори бўлган иштирокчилар саралаб олиниб, ҳар бири 6 нафардан иборат ҳудудий “Заковат” терма жамоалари шакллантирилди.
Мазкур интеллектуал турнир ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Тадбир давомида жамоалар турли мантиқий ва билимга оид саволлар асосида ўзаро беллашди. Якунда юқори натижа қайд этган жамоалар муносиб тақдирланди.
Турнир тизим ходимлари ўртасида билим ва тафаккурни юксалтириш, жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда интеллектуал муҳитни ривожлантиришга хизмат қилди.
Натижаларга кўра, биринчи ўрин Санэпидқўмита Тошкент шаҳри бошқармасининг “Moderna” жамоасига, иккинчи ўрин Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг “Contigo” жамоасига ҳамда учинчи ўрин Санэпидқўмита Навоий вилояти бошқармасининг “Темур қалқони” жамоасига насиб қилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА