Билим майдонида кучлилар сараланди
Сирдарё вилоятида "Ёшлар ойлиги" доирасида ташкил этилган "Заковат" интеллектуал ўйини бу сафар ўзига хос форматда ўтказилди. Анъанавий равишда ёпиқ бинода эмас, балки Гулистон шаҳридаги вилоят "Ёшлар маркази" ҳовлисида, очиқ осмон остида ташкил этилган турнир юзлаб ёшларни бир майдонга жамлади.
Очиқ осмон остида ўтган интеллектуал беллашув нафақат билимлар синови, балки ёшларнинг дўстона мулоқоти, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва соғлом рақобат майдонига айланди. Турнирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги маҳаллалардан сараланган 42 та жамоа Сирдарё вилояти ҳокими кубоги учун баҳс олиб борди.
Бир неча босқичда кечган қизғин беллашувларда иштирокчилар тарих, адабиёт, фан, маданият, замонавий технологиялар ва мантиқий саволлар бўйича ўз билим ва заковатини синовдан ўтказди. Ҳар бир савол жамоалардан нафақат кенг дунёқараш, балки тезкор фикрлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва аниқ қарор қабул қилиш маҳоратини ҳам талаб қилди.
Турнирнинг тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев иштирокчиларни муносиб ўйин билан табриклаб, интеллектуал беллашувлар ёшларнинг билимга интилишини кучайтириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-30145]
Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Сардоба туманининг Қўрғонтепа маҳалласи жамоасига насиб этди. 2-ўринни Янгиер шаҳрининг Шукрона маҳалласи жамоаси эгаллаган бўлса, 3-ўринга Сайхунобод туманининг Ўрикзор маҳалласи жамоаси сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Турнирнинг бош соврини — "Сирдарё вилояти ҳокими кубоги" эса биринчи ўрин соҳиби бўлган Сардоба туманининг Қўрғонтепа маҳалласи жамоасига тантанали равишда топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА