“Big Agro”нинг экспортбоп салатлари
Серқуёш диёримизнинг қулай иқлим-тупроқ шароити сабзавот, полиз, карам ва бошқа турли қишлоқ хўжалик экинларидан бир йилда икки, ҳатто уч марта ҳосил олиш имконини беради.
Серқуёш диёримизнинг қулай иқлим-тупроқ шароити сабзавот, полиз, карам ва бошқа турли қишлоқ хўжалик экинларидан бир йилда икки, ҳатто уч марта ҳосил олиш имконини беради.
Қашқадарёлик деҳқонлар ҳам салатнинг “Айсберг” номли турини хорижга экспорт қилмоқда.
“BIG Agro” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан Қашқадарё вилоятининг Миришкор ва Касби туманларида 100 гектар майдонда экилган “Айсберг” навли салатлар экспортга йўналтирилмоқда.
“Айсберг” деб аталувчи бу турдаги салатлар оқбош карамга ўхшаш бўлиб, барглари зичланмаган ҳолда ўралади. Бир донасининг ўртача вазни 800 грамм – 1 килограммни ташкил этади. Бундай бош салат дармондориларга бой бўлиб, унинг барглари таркибида А, С, Е ва В витаминлари, шунингдек, калий, фосфор, темир сингари фойдали элементлар мавжуд. Унинг барглари хуштаъмлиги билан ажралиб туради.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, BIG, яъни “Brand Investment Group” компаниялар гуруҳининг ҳар бир вилоятда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган шуъба корхоналари мавжуд. Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган “BIG Agro” МЧЖ ана шундай шуъба деҳқон хўжаликларидан бири ҳисобланади.

– Компаниямиз бир неча йилдан буён юртимизда турли салатлар етиштиради ва асосан Россия Федерацияси бозорларида сотади, – дейди “BIG Agro” МЧЖ иш юритувчиси Бобур Абдумавлонов. – Жорий йилда Қашқадарё вилоятида бу салатнинг “Робинсон” навини парваришладик. Уруғи Голландиядан келтирилган бўлиб, ҳосилдорлиги жуда юқори. Керакли агротехник тадбирлар меъёрида олиб борилганда гектаридан 15 тонна тоза маҳсулот олиш мумкин. Етиштирилган маҳсулотнинг ҳаммаси тўлиқ экспортга йўналтирилади. Мана, икки ҳафтадан бери салат экспортини бошладик. Ҳали далада ҳосил мўл.
Бундай салатлар даладан узиб олингандан бошлаб музлатилган ҳолда ташилади, қайта ишланади ва экспортга жўнатилади. Бунинг учун компания вакиллари томонидан экин экиладиган ҳудудларда етарлича шароит яратилган. Музлаткичли махсус машиналар ва логистика марказлари ташкил этилган.
Компания вакилларининг таъкидлашича, вилоятда биргина салат экиб етиштириш жараёнида 500 га яқин мавсумий иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, “BIG Agro” МЧЖ вилоятнинг Миришкор ва Қарши туманларидаги 2 минг 100 гектар майдонда “Каян” навли аччиқ қалампир ҳам парваришламоқда.
Эрта баҳорда қарийб 80 гектар майдонда ташкил этилган ер парниклар остида етиштирилган кўчатлар ҳозирда белгиланган далаларга деярли ўтқазиб бўлинди.
– Бундай гармдорилар оддий қалампирга қараганда бир неча баробар аччиқ, – дейди агроном Аҳрор Жўраев. – Бу нав ҳосилдор ва маҳаллий иқлимга мослашувчан. Ушбу қалампирни етиштириш агротехникасини сифатли амалга ошириш учун Ҳиндистон ва Индонезия давлатларидан тажрибали мутахассислар жалб этганмиз. Улар ҳар ҳафта гармдори далаларини кўздан кечириб, ўз тавсияларини бермоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, бизнинг ҳудудда мазкур қалампир гектаридан 20-25 тоннагача ҳосил бериши мумкин экан.
Бундай қалампирлар қуритилган ҳолда Осиё ва Европа мамлакатларига экспорт қилинади. Айни пайтда кун сайин кўкка бўй чўзаётган қалампир далаларида 2 мингдан зиёд мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Улар учун шу ернинг ўзида барча шароит яратилган.