Безорилик қилган қизлар жазоланди
Аёл деганда энг аввало она хаёлимизга келади.
Аёл деганда энг аввало она хаёлимизга келади. Аёл – гўзаллик тимсоли. Жамиятда хотин-қизлар томонидан қандай бўлмасин ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилганда ўзгача муносабат билдирамиз. Чунки муштипар дея аталадиган аёлнинг ижтимоий хавфли қилмишни содир этишини ўзи бу фавқулодда ҳолатдир. Бироқ аёллар томонидан биз кутмаган ҳуқуқбузарликлар ҳам содир этилиб турилади. Масаланинг жиддий томони ҳуқуқбузарликни аёл киши томонидан маст ҳолда содир этилишидир.
Жорий йил 23 январь куни Тошлоқ туман маъмурий суди томонидан “Садда” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1999 йилда туғилган, турмушга чиқмаган ва ҳеч қаерда муқим ишга эга бўлмаган М.М ҳамда унинг дугонаси З. Тга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси билан тўпланган маъмурий иш материаллари кўриб чиқилди.
Иш ҳолатига кўра, улар спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, маст бўлган ҳолда Ш.С.нинг яшаш хонадонига келиб, уни уятли сўзлар билан сўккан. Яшаш ҳовлисига кириш дарвозасини тош билан уриб, фуқароларни тинчлигини бузиб, майда безорилик қилган.
Шу ўринда, М.М.ни шахсига тўхталиб ўтсак. 21 ёшга кирган бўлишига қарамай турмушга чиқмаган ва ўрта-махсус маълумоти бўлса-да тайинли машғулот билан шуғулланмайди. Бир йил муқаддам маъмурий суднинг қарори билан жазога тортилган. Аммо суд томонидан жазо тайинлангандан сўнг ҳам ўзига хулоса чиқармасдан яна маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган.
Суд томонидан унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, дугонаси З.Тга эса 669 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
– Жамиятда хотин-қизларнинг ўрни беқиёс, уларни нозик ҳилқат дея эъзозлаймиз. Улар орасида ҳуқуқбузарларнинг учраб туриши, ачинарлидир. Судларни вазифаси фақат жазо тайинлаш ёки содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларга тайинланаётган жазоларни ошкор қилиш орқали айрим шахсларни изза қилиш эмас, албатта. Мақсад ҳуқуқбузарликларни келгусида содир этилишини олдини олиш ва профилактика қилишдан иборатдир, – дейди Тошлоқ туман маъмурий суди раиси Аброрхон Акрамов.