“Better Cotton” дастури: Cифат, барқарорлик ва рақобатбардошлик сари
Бугун Тошкент шаҳрида BCI дастурини Ўзбекистонда қўллаб-қувватлаш бўйича Миллий маслаҳат кенгашининг II йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда “Better Cotton Initiative” халқаро ташкилотининг мамлакатимиздаги филиали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат органлари вакиллари, пахта-тўқимачилик кластерлари, BCI экспертлари ҳамда соҳадаги бошқа манфаатдор томонлар иштирок этди.
Унда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидов, “Better Cotton Initiative” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Катерина Горбунова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда BCI дастурини янада ривожлантириш, пахта-тўқимачилик тармоғида халқаро стандартларни кенг жорий этиш, барқарор ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётни либераллаштириш, мажбурий ва болалар меҳнатини бартараф этиш ҳамда пахта етиштиришда эркин бозор тамойилларини жорий этиш борасида муҳим натижаларга эришилди.
– BCI дастурини мамлакатимизда амалга ошириш пахта-тўқимачилик тармоғининг халқаро талабларга мослашиши ва жаҳон бозорига интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда етиштирилаётган пахтанинг 100 фоизи фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан амалга оширилмоқда.
Пахта бойкотининг бекор қилиниши Ўзбекистон тўқимачилик саноати учун янги имкониятларни очди. “Inditex”, “Adidas”, “Nike”, “Puma”, “Zara”, “H&M” каби жаҳон брендлари мамлакатимиз бозорига қизиқиш билдирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Better Cotton” дастури кластерлар ва ишлаб чиқарувчиларга халқаро стандартларни жорий этиш, ходимлар малакасини ошириш ҳамда барқарор пахтачилик тамойилларини татбиқ этиш учун кенг имкониятлар яратади. Ҳозирда бешта пахта-тўқимачилик кластери “Better Cotton” лицензиясини олган, яна 16 та кластерда лицензиялаш ишлари давом этмоқда.
Ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг “Better Cotton” рақамли платформасига уланиши бутун таъминот занжирини кузатиб бориш имконини яратади. Биз дастурни қўллаб-қувватлаш, лицензия асосида ишловчи фермер хўжаликлари ва кластерлар сонини кўпайтириш ҳамда халқаро брендлар билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Ишончим комилки, бугунги тадбирдаги ҳамкорлик барқарор пахтачиликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга мослаштириш ва Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди у.
Шундан сўнг “Better Cotton Initiative” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Катерина Горбунова “Better Cotton Initiative 2030” стратегияси бўйича тақдимот қилди.
– “Better Cotton Initiative 2030” стратегияси барқарор пахта етиштиришни ривожлантириш, фермерларни қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалигида ижобий ўзгаришларга эришишга қаратилган. Стратегия доирасида фермерларга зарур билим ва кўникмалар бериш, илғор ва инновацион тажрибаларни оммалаштириш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, углерод чиқиндиларини камайтириш ва биохилма-хилликни асрашга алоҳида эътибор берилади.
Шу билан бирга, пахта етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва фермерларнинг фаровонлигини юксалтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, гендер тенглигини рағбатлантириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, фермерларни молиялаштириш ва комплекс хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган. Фермерларнинг ўз фаолиятини мунтазам такомиллаштириб бориши учун амалий билим ва кўникмалар билан таъминлашга ҳам катта аҳамият қаратилади.
Стратегияда ҳамкорликни кучайтириш, илғор тажрибалар ва инновацияларни кенг жорий этиш, барқарор пахтага бўлган глобал талабни ошириш ҳам устувор йўналиш сифатида белгиланган, – деди К.Горбунова.

Тадбир давомида соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, тадбиркорларни халқаро стандартларга мослаштириш, сертификатлаш билан боғлиқ тўсиқларни камайтириш, BCI ва давлат ташкилотлари ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчилар ушбу йўналишларда изчил ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида “Better Cotton” стандартлари талабларига мувофиқлигини тасдиқлаган “Fergana Global Textile”, “Sultan Tex Group”, “Deniz Teks” ва “Zelal Tekstil” корхоналарига “Better Cotton” сертификатларини тантанали топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА