“Бешлик” самарали ишласа, ҳудудда муаммо қолмайди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг вилоятдаги ижроси таҳлил қилинди.
Вилоят ҳокими ва секторлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган мажлисда жорий йилнинг сентябрь ойида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан мазкур қонун ижро этилиши ҳолати ўрганилганда қатор муаммоли ҳолатлар мавжудлиги аниқлангани таъкидланди.
– Назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаган шахслар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек, уларнинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга вояга етмаганларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жамоат тарбиячиларини тайинлаш ишлари йўлга қўйилмаганлиги, таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари томонидан дарсларга узрли сабабларсиз келмаётган ёхуд мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганлар мониторинги қилинмаганлиги қайд этилган, –- деди йиғилишда сўзга чиққан Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов. – Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 8-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ва Ургут туманидаги 56-сонли умумтаълим мактабининг ўқув жараёни ўрганилганда юқори синфларнинг 10 нафардан ўқувчиси узрли сабабларсиз дарсларга келмагани кузатилган. Вояга етмаганларнинг интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмагани оқибатида ўқувчи- ёшлар ўзлари содир этган ахлоқсизликларни ижтимоий тармоқларга жойлаш ҳолатлари учрамоқда.
Таҳлилларга кўра, вояга етмаганлар томонидан жорий йилнинг 8 ойида вилоятда 3128 та ҳуқуқбузарлик, 129 та жиноят содир этилган. Йилнинг ўтган 10 ойида эса вилоятда қайд этилган 6372 та жиноятнинг 2107 таси ёшлар, 701 таси хотин-қизлар, 161 таси вояга етмаганлар томонидан содир қилинган. Ачинарлиси, 33 та қотиллик жиноятларининг 11 тасига ёшлар, 3 тасига аёллар ва 1 тасига вояга етмаганлар томонидан қўл урилган.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган 161 та жиноятда 170 нафар вояга етмаган шахс, жумладан, 20 нафар қиз иштирок этган. Хотин-қизлар томонидан содир этилган 701 та жиноятда эса 641 нафар аёл қатнашган. Афсуски, 4 нафар хотин-қиз маст ҳолатда, 2 нафари профилактик ҳисобда туриб, 19 нафари муқаддам судланган бўлса-да, такрор жиноятлар содир этган.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Маҳалла бешлиги” тизими, бир қатор қонунларимиз, бундан ташқари, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида қабул қилинган қўшма қарорга асосан, маҳаллалардаги бешликларга аниқ вазифалар белгилаб берилган, – дея сўзида давом этди Р.Маматов. – Лекин, аксарият маҳаллалардаги бешликлар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан ўзига тўғри хулоса қилмасдан, белгилаб берилган вазифалар ижросига панжа ортидан қараб келмоқда. Агар улар бир ёқадан бош чиқариб, ҳамкорликда иш олиб борса, ҳар қандай муаммога ечим топиш мумкин.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири