“Бешбулоқ” аҳолисининг турмуш тарзи ўрганилди
“Бешбулоқ” – одамлари меҳмондўст ва танти, тумандаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллалардан бири.
Сирдарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари Наргиза Тожибоева бошчилигидаги Ишчи гуруҳ вакилларининг Сирдарё тумани маҳаллаларидаги оилаларнинг яшаш тарзи, кундалик муаммолари атрофлича ўрганилди.
“Бешбулоқ” – одамлари меҳмондўст ва танти, тумандаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллалардан бири. Маҳалла раиси Шуҳрат Муқимовнинг таъкидлашича, ҳудудда 497 хонадон, 801 та оила мавжуд бўлиб, жами 3045 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Мазкур маҳаллада яшовчи Райҳон Рустамованинг 10 сотихга яқин томорқа ери бор. Аммо икки нафар ногирон фарзандига доимий қараш зарурати сабаб, у ҳозирда ўз томорқасидан унумли фойдалана олмаяпти. Ишчи гуруҳ раҳбари Н.Тожибоева тавсияси ва ташаббуси билан маҳалла қошидаги жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар ёрдамида Райҳон опанинг томорқа ерига ишлов бериш ҳамда зарур уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Н.Тожибоева “Бешбулоқ” маҳалласидаги Маърифат Элмуродова яратган иссиқхона билан танишар экан, бу иш тажрибасини имкон қадар бутун туман миқёсида жорий қилиш таклифини илгари сурди. Маърифат опа 12.5 сотих майдонда ташкил этган мазкур иссиқхона орқали нафақат ўз оиласини, балки 5 нафар маҳалладошини ҳам мавсумий иш билан таъминламоқда.
– Ўтган йили банкдан 30 миллион сўм кредит олиб, мана шу иссиқхонани ташкил этишни йўлга қўйгандик, – дейди Маърифат опа Элмуродова. – Иссиқхонадан бир неча бор ҳосил олишимиз натижасида ўтган йилнинг ўзида 50 миллион сўм даромад кўрдик. Бу йилдан бошлаб эртапишар помидор ҳосилимизни пойтахт бозорларига қадар етказишни йўлга қўйдик.
“Бешбулоқ” маҳалласидаги яна бир тадбиркор аёл – Гулноза Аккулова ўз хонадонида кичик тикув цехи очиб, 6 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. Қўли чевар маҳалладошлар томонидан тайёрланаётган тиббий ниқоблар маҳаллий дорихоналарга кетма-кет етказиб берилмоқда. Муҳими, ўзаро ҳамкорлик натижасида бугунги ҳудуддаги тиббий ниқобга бўлган талаб таъминланмоқда.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
Матбуот хизмати