Бешариқда яна бир янги корхона
Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани йирик саноат марказларидан бирига айланиб бормоқда. Ҳозиргача бу ерда тўқимачилик, дон ва пахтани қайта ишлаш, енгил саноат, мебелсозлик, оёқ кийимлари ишлаб чиқариш каби корхоналар фаолият кўрсатяпти. Мустақиллик байрами нишонланаётган шу кунларда “Sherwood Dizayn” МЧЖ томонидан қурилиб, ишга туширилган тикувчилик фабрикаси фойдаланишга топширилди.
“Sherwood Dizayn” МЧЖда бунгача мебелсозлик, метал конструкциялар ишлаб чиқарилар эди. Мана энди бу кўп тармоқли жамият яна янги 200 ишчи ўрни яратди. 6,2 млрд сўм сарфланган тикувчилик корхонаси маҳсулотларининг аксарият қисми экспорт қилинади.
–Бу лойиҳани шахсий бизнесим равнақи учунгина эмас, энг аввало, қишлоқдошларимга муносиб иш ўрни ва муносиб иш ҳақи яратиш учун амалга оширдим, – дейди тадбиркор, “Sherwood Dizayn” МЧЖ раҳбари Шерзод Эркабоев. – Зеро, биз тадбиркорларга энг қулай шароитлар яратиб бераётган давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА