“Беш йил — беш қадрият — янги марралар сари”
Самарқанд давлат педагогика институти ташкил этилганига беш йил тўлиши муносабати билан кенг қамровли байрам тадбирлари ва маънавий-маърифий фестиваль ўтказилди.
Беш йиллик фаолият сарҳисобига бағишланган тадбирлар институтнинг бугунги қиёфаси, амалга оширилаётган лойиҳалар, эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифаларни намоён этган фестиваль билан бошланди. Факультетлар томонидан кўргазмалар, тасвирий санъат намуналари, ижодий ишланмалар, миллий анъаналар ва талабалар истеъдодини акс эттирувчи намойишлар ташкил этилди. “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда спорт мусобақаларида талаба-ёшларнинг билим ва тафаккури, ижодий салоҳияти ҳамда фаоллиги намоён бўлди.
– Самарқанд давлат педагогика институтининг беш йиллик фаолияти изланиш, меҳнат, бунёдкорлик ва изчил тараққиёт билан кечган муҳим даврдир, – дейди институт ректори, профессор Шаҳзода Негматова. – Қисқа вақт ичида институт педагог кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни юксалтириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва талабалар учун замонавий имкониятлар яратиш борасида салмоқли натижаларга эришди. 2021/2022 ўқув йилида 2350 нафар талаба таҳсил олган бўлса, 2026/2027 ўқув йилида бу кўрсаткич 10182 нафарга етди. Янги ўқув йилида 2449 нафар талаба ўқишга, жумладан, 175 нафари магистратурага қабул қилинди. Ўтган ўқув йилида институтни битирган 3157 нафар ёшларнинг 3085 нафари ишга жойлашди.
[gallery-31805]
Бугунги кунда институтда 452 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Илмий салоҳият 2021 йилдаги 19,7 фоиздан 37,6 фоизга ошди. Бу кўрсаткич институтда илмий-педагогик кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги ишларнинг амалий натижасидир.
Институтнинг халқаро алоқалари ҳам беш йил давомида сезиларли даражада кенгайди. 2022 йилда 8 та бўлган халқаро ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлари сони бугунга келиб 64 тага етди. Беш йил давомида институтнинг моддий-техник базаси ҳам босқичма-босқич мустаҳкамланди. Талабалар турар жойлари сони 3 тадан 5 тага, улардаги ўринлар сони 1250 тадан 2050 тага етказилди. Ўқув бинолари 7 тадан 9 тага, улардаги ўринлар сони эса 3080 тадан 3780 тага ошди.
Беш йиллик сана муносабати билан институт ахборот хизмати қошида медиа студия ташкил этилди. Меҳмонларга студиянинг замонавий техник жиҳозлари, видеоматериал ва медиа маҳсулотларини тайёрлаш имкониятлари, видеодарслар яратиш ҳамда таълим жараёнини замонавий ахборот технологиялари асосида ёритиш учун яратилган шароитлар намойиш этилди.
Тадбир давомида институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларига “Халқ таълими аълочиси” ва “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари