«Беш ташаббус олимпиадаси» қизғин баҳсларга бой тарзда ўтди
Тошкент давлат тиббиёт университетида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақалари ўтказилди.
Университетнинг «Шифокор» спорт мажмуасида ташкил этилган мазкур кенг кўламли спорт байрамида Тиббий педагогика, стоматология ва педиатрия ҳамда Тиббий профилактика ва жамоат саломатлиги факультетларининг 800 нафарга яқин фаол ва спортсевар талабалари иштирок этди.

Мусобақанинг очилиш маросимида талаба-ёшлар ҳаётида спортнинг ўрни беқиёс эканлиги, бундай тадбирлар уларнинг жисмоний ва руҳий баркамоллигини таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Олимпиада давомида талабалар волейбол, мини-футбол, стритбол, стол тенниси ва енгил атлетика каби спорт турлари бўйича ўзаро куч синашди. Хусусан, стол тенниси бўйича ўтказилган гуруҳ босқичи баҳслари ўта қизғин ва муросасиз руҳда ўтди. Унда қизлар ва ўғил болалар ўзларининг чаққонлиги, тезкор фикрлаш қобилияти ҳамда юқори спорт маҳоратини намойиш этди. Мусобақа якунига кўра, фаол ва ғолиб чиққан иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Мазкур спорт мусобақалари талабаларнинг нафақат жисмоний тайёргарлигини ошириш, балки уларда жамоавий ҳамжиҳатлик, сабр-тоқат, ирода ва ғалабага интилиш каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Университетда бу каби тадбирларнинг тизимли равишда ўтказилиши ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш билан бирга, уларни соғлом ва рақобатбардош кадрлар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА