“Беш ташаббус”: ДХХ кубогига старт берилди
Бугунги кунда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Айниқса, “Беш ташаббус” доирасида ўтказилаётган спорт мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг иқтидор ва имкониятларини намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири сифатида Бухоро шаҳрида “Беш ташаббус” олимпиадасининг 2026 йилги мавсуми доирасида футбол ва мини-футбол (қизлар ва ўғил болалар) бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун шаҳар маҳаллалари ўртасида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов, шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов, шунингдек, спорт бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳаллалар ёшлари фаол иштирок этди.
Қуръа натижаларига кўра, шаҳардаги маҳаллалар жамоалари дастлаб гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳудуд босқичида беллашади. Ушбу босқичда ғолибликни қўлга киритган жамоалар шаҳар босқичига йўл олади. Бу эса мусобақанинг рақобатбардошлиги ва қизиқарли ўтишини таъминлайди.
Мусобақа уч босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич – туман ва шаҳар саралаш ўйинлари апрель-май ойларида ўтказилади. Иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсида июнь-июль ойларида, якуний, учинчи босқич республика финал мусобақалари эса август ойида ташкил этилади.
[gallery-28625]
Мусобақада 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил болалар футбол ва мини-футбол йўналишларида, қизлар эса мини-футбол бўйича иштирок этиш имкониятига эга. Бу эса кенг ёшлар қатламини қамраб олиш, уларни спортга янада қизиқтиришга хизмат қилади.
Бухорода старт олган мазкур мусобақа нафақат спорт байрами, балки ёшларни бирлаштирувчи, уларнинг жисмоний ва маънавий камолотига хизмат қилувчи муҳим тадбирдир. Бундай мусобақалар ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, келгусида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган иқтидорли спортчилар етишиб чиқишига замин яратади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.