Беш нафар шахс муддатидан олдин шартли озод қилинди
Қашқадарё вилояти Касби тумани ёшлар маркази биносида Жиноят ишлари бўйича Касби туман суди томонидан навбатдаги сайёр суд ўтказилди. Унда туман пробация гуруҳида жазо ўтаб, тузалиш йўлига кирган 5 нафар шахслар инсонпарварлик тамойилига амал қилган ҳолда жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Босилган нотўғри қадамнинг оқибатлари ўз вақтида тушуниб етилса, келгусида жамиятда хотиржамлик ҳукм суришига замин яратилади. Бинобарин, жиноятга нисбатан тайинланган жазони жазо деб эмас, тарбиявий аҳамиятига кўпроқ эътибор бериш моҳиятида адашганларга тўғри йўл кўрсатишдек эзгу мақсад мужассам. Бу эса жазо ўтаётган маҳкумларга муддатидан аввал озод бўлиш имконини ҳам беради.


Бўлиб ўтган суд давомида туман ИИБ пробация гуруҳида жазо ўтаб келаётган маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги хусусидаги хулосалари алоҳида эътиборга олиниб, унга кўра суд ажрими эълон қилинди. Шунингдек, суд давомида берилаётган имкониятнинг шартли эканлиги, кейинги хатолар оғирроқ жазо берилишига сабаб бўлиши мумкинлиги хусусида ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири