Беш кунда кино олиш мумкинми?
"Ренессанс" кино уйида «Кино 5 кунда» халқаро ёшлар танловининг бошланишига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Мазкур ижодий лойиҳа "Ипак йўли дурдонаси" XV Тошкент Халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтди.
Тадбирда танловнинг аҳамияти, ўтказилиш тартиби ҳамда иштирок этувчи мамлакатлар вакиллари ҳақида сўз юритилди.
Беш кунда кино олиш мумкинми? Мана бир неча йилдирки, бу саволга "Кино 5 кунда" халқаро ижодий танлови орқали ижобий жавоб олинмоқда. МДҲ давлатларининг ёш кино ижодкорлари ўзига хос ёндашув, ёшликка хос тезкорлик ва жўшқинлик, ижод завқи билан юртимиз ҳақида бетакрор фильмларни суратга олмоқда.

Айтиш керакки, бу йилги "Кино 5 кунда" халқаро ёшлар танлови "Ўзбекистон -- менинг орзуим" шиори остида бўлиб ўтади. Унда МДҲ давлатларидан келган ёш режиссёрлар Ўзбекистоннинг тарихий манзиллари, жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Тошкент каби шаҳарларда бўлиб, юртимиз ҳақида қисқа метражли фильмларни тасвирга олади.
Танлов иштирокчилари беш кун давомида фильмларни суратга олади ва шу орқали иқтидорли ёш режиссёрлар сараланади.
Тадбирда катта экранда аввалги танловларнинг ёрқин лаҳзалари ҳамда бу йилги мақсадлар ҳақидаги видеолавҳалар қўйилди.
Матбуот анжумани давомида ҳакамлар ҳайъати аъзоси Али Ҳамроев ва беларуслик кинопродюсер Владимир Карачевский ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, ЎзА