Бепарволик оғир оқибатларга сабаби бўлиши мумкин
Сирдарё вилоятида ёз мавсумида сув ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Гулистон шаҳар ФВ бўлими ходимлари томонидан “Дўстлик канали” бўйлари ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли назорат-рейд тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар давомида фуқароларга белгиланмаган жойларда чўмилиш қатъиян тақиқлангани, бундай ҳудудларда сув оқимининг кучлилиги, чуқурликлар ва кўзга кўринмас хавф омиллари инсон ҳаёти учун жиддий таҳдид экани батафсил тушунтирилди. Шу билан бирга, аҳолига сув ҳавзалари бўйида эҳтиёткорликни ошириш, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Мутасаддилар таъкидлашича, сув билан боғлиқ аксарият бахтсиз ҳодисалар инсон омили — эътиборсизлик, назоратсизлик ва тақиқларга беписанд муносабат натижасида юзага келмоқда. Шу боис профилактик тадбирлар билан бир қаторда назорат ишларини ҳам кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ёз мавсумида аҳоли, айниқса ёшлар орасида сув ҳавзаларига интилиш кучаяди. Бироқ белгиланмаган жойларда чўмилиш жуда катта хавф туғдиради. Сувнинг туб қисми, кучли оқим ва кўзга кўринмас тўсиқлар фожиали ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир фуқаро, аввало, ўз ҳаёти ва яқинларининг хавфсизлиги учун масъулиятни ҳис этиши зарур, – дейди Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асрор Ғозихўжаев .

У, шунингдек, вояга етмаганлар хавфсизлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтди:
– Ота-оналар фарзандларини қаровсиз қолдирмаслиги, уларнинг бўш вақтини назорат қилиши ва сув ҳавзаларига яқин ҳудудларда эҳтиёткорликни кучайтириши лозим. Бир лаҳзалик бепарволик оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, бундай рейд ва профилактик тадбирлар мунтазам ва узлуксиз давом эттирилади. Чунки сув ҳавзаларида бир лаҳзалик эътиборсизлик ҳам инсон ҳаётини хавф остига қўяди. Шу боис ҳар бир фуқаро огоҳликни кундалик қоидага айлантириши, белгиланган талаб ва тақиқларга сўзсиз амал қилиши шарт. Зеро, сув бўйидаги ҳар бир бепарволик — қайтмас фожиага сабаб бўлиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири