Белғобли курашчилар мамлакат кубогида беллашди
Ғиждувонда белбоғли кураш бўйича 2007-2008 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди.
Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда мамлакатимиз белбоғли кураш федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 400 нафарга яқин ёш спортчилар иштирок этди.
Мусобақада ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишида 11 та вазн тоифасида, қизлар эса эркин йўналишда 7 та вазн тоифасида беллашди.
Кубок регламентига кўра, мусобақанинг биринчи куни ўғил болалар белбоғли курашнинг классик йўналишида 11 та вазн тоифасида кураш тушган бўлса, иккинчи кунида эркин йўналишда қизлар 7 та вазн тоифасида, ўғил болалар 11 та вазнда баҳсларга киришди.

Мусобақани белбоғли кураш федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Тошкентбой Яхшибоев бошчилигида 30 нафар ҳакамлар гуруҳи баҳолаб борди. Беллашувларнинг сўнгги натижаларига кўра, ўз вазн тоифаларида классик йўналишда Зийнатиллох Ғанижонов (Андижон), Багдаулет Донгесов (ҚҚР), Миржаҳон Исроилов (Бухоро), Ахрор Ғофуржонов (Наманган), Асилбек Муҳаммедов (Фарғона), Сардор Абдуллаев (Тошкент в.), Саидислом Саиджалолов (Тошкент в.), Улуғбек Муҳаммаджонов (Андижон), Алмазбек Орынбаев (ҚҚР), Муҳаммадқодир Каримжонов (Тошкент ш.), Муҳаммадюсуф Мўминов (Фарғона) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Қизлар ўртасидаги эркин йўналишда Жасмина Маъмуржонова (Фарғона), Наимахон Субхоналиева (Фарғона), Гулбаҳор Имомназарова (Андижон), Арофат Муҳаммедова (Андижон), Гулсанам Раҳматуллаева (Наманган), Элдора Алимбоева (ҚҚР) ҳамда Муборак Маруфжонова (Наманган) олтин медални қўлга киритди.

Мазкур йўналишнинг ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Захриддин Мўйдинов (Андижон), Маҳмуджон Мамажонов (Наманган), Озодбек Атақулов (Бухоро), Озодбек Салимов (Фарғона), Оқилбек Раҳимбердиев (Наманган), Собиржон Абдуллаев (Сирдарё), Миржалол Мираҳмедов (Фарғона), Отабек Абдужаббуров (Сирдарё), Хафиз Раҳимов (Бухоро), Беҳруз Иброҳимов (Тошкент в.), Наврўз Мамаюсупов (Навоий) тенгсиз эканини исботлади.
Ўзбекистон кубоги баҳсларида шогирдларининг муваффақиятли иштироки, Нукус шаҳрида миллий спорт турига қаратилаётган эътибор ҳақида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус шаҳар олий маҳорат мактабининг белбоғли кураш бўйича бош мураббийи Бокенбай Садуакасов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Кубок беллашувларини ўтказиш учун юқори даражада тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Бунинг учун мезбонларга, хусусан, Бухоро вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси, Ғиждувон тумани ҳокимлиги, белбоғли кураш федерацияси, спорт мактаби жамоасига миннатдорчилик билдирамиз. Шогирдларимиз ушбу мусобақада 3 олтин, 3 кумуш ва 4 бронза медалини қўлга киритди. Мамлакат кубогидаги баҳслар ҳар қачонгидан ҳам қизғин баҳсларга бой ўтди.

Шогирдларим билдирилган ишончни оқлади. Бироқ бу ғалаба билан чекланиш керак эмас. Бизнинг олдимизда улкан марралар турибди. Уни забт этишимиз учун тинимсиз меҳнат зарур. Ҳозирда Нукус шаҳрида миллий спорт турларимизни янада ривожлантириш ва аҳоли ўртасида оммалаштириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудудимизда белбоғли кураш бўйича бир қатор ёш истеъдод эгалари камол топаётир. Уларнинг ўзлари танлаган спорт турлари билан шуғулланишлари учун спорт мактаблари, кураш тўгаракларида барча имкониятлар яратилмоқда. Мамлакат миқёсидаги мусобақаларда ёшларимиз ўз тажрибаларини оширган ҳолда жаҳон майдонига йўл олиб, жаҳон чемпионатларида ҳам юқори ўринларни қўлга киритишларига ишончимиз комил. Бунинг учун эса бизда барча имкониятлар етарли.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА