Бельгия Бош вазири истеъфога чиқади
Бельгиянинг “Очиқ фламанд либераллари ва демократлари” (Open VLD) партияси миллий парламент ва Европа парламенти сайловларида жиддий мағлубиятга учради. Шу сабаб, партия етакчиси, мамлакат Бош вазири Александр Де Кроо истеъфо беришини маълум қилди.
Де Кроо салбий натижа учун масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда, либераллар тез орада ҳукуматга қайтишига ишонч билдирди.
Мутахассислар янги ҳукуматни шакллантириш бўйича музокара узоқ давом этишини тахмин қилишяпти. 2019 йилги сайловдан сўнг ҳукмрон коалиция қарийб 500 кунда тузилган эди.
Бельгияда федерал парламентга сайлов голланд тилида сўзлашувчилар партиялари томонидан Фландрияда, француз тилида сўзлашувчилар сайланадиган Валлонияда алоҳида-алоҳида ўтказилади.
Фландриядаги бюллетенларнинг 90 фоизи ҳисоблангандан кейин эълон қилинган натижага кўра, Антверпен мэри Барт Де Вевернинг мўътадил ўнг қанот “Янги Фламанд альянси” (N-VA) партияси энг кўп – 17 фоиз овоз олган.