Белбоғли кураш: Нукусда Ўзбекистон чемпионлари аниқланди
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида уч кун давом этган Ўзбекистон чемпионати беллашувлари мамлакатимизнинг 2026 йилдаги энг маҳоратли спортчиларини аниқлаб берди.
Муросасиз беллашувларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 300 нафарга яқин полвонлар ғолиблик учун беллашди. Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири Еркинбой Қутибоев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси бош котиби Абдуҳалил Маликов ва бошқалар мусобақалар ёш иқтидорларни аниқлаш билан бирга аҳоли учун чинакам спорт байрамини туҳфа этаётганлигини таъкидлади.

Миллий терма жамоа сафига маҳоратли спортчиларни саралаш вазифасини ўтаган мусобақанинг финал баҳслари натижасига кўра, ўз вазн тоифаларида Муҳаммадюсуф Жакбаралиев, Жамолиддин Неъматуллаев, Абутолиб Маҳкамов, Зайлобиддин Ортиқов, Диёрбек Полвонбоев, Сардорбек Содиқжонов, Дилшодбек Ойбеков, Ўринбой Абдусаматов, Гулсанам Солиева, Манзураой Мўйдинова, Земфира Азатова сингари курашчилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Мусобақаларда кучли учликдан ўрин эгаллаган спортчилар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА.