Беларусь Президенти Сочи шаҳрига етиб келди
Беларусь Президенти Aлександр Лукашенко Россия етакчиси Владимир Путин билан музокара ўтказиш учун Сочи шаҳрига етиб келди, дея хабар берди Беларусь Президенти матбуот хизмати.
Давлат раҳбарлари Россия ва Беларусь Иттифоқи доирасидаги интеграцияни ривожлантиришга қаратилган кейинги қадамлар ҳақида келишиб олади. Учрашувда икки мамлакат ҳукуматининг сўнгги йиллардаги фаолияти ҳам муҳокама қилинади. Шунингдек, улар глобал муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.
Кремль матбуот хизмати аввалроқ мазкур йиғилиш бўйича айрим маълумотларни эълон қилган эди. Унда Россия-Беларусь муносабатлари, жумладан, қўшма савдо-иқтисодий, энергетика, маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш ва МДҲ доирасидаги интеграцияни кучайтириш йўллари билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилиши айтилган.