Бекзод Қурбонов Германияда совриндор бўлди
Германиядаги нуфузли халқаро от спорти мусобақасида ўзбекистонлик чавандоз кумуш медални қўлга киритди.
Германияда от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича CSI2* тоифасидаги халқаро мусобақа бўлиб ўтди. “Gut Ising” от спорти мажмуасида ташкил этилган “Chiemsee Pferdefestival” мусобақасида дунёнинг турли мамлакатларидан 300 нафардан зиёд от спорти вакиллари иштирок этди.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бекзод Қурбонов “Matts V.G.” лақабли оти билан тўсиқлар баландлиги 145 сантиметр бўлган йўналишда муваффақиятли иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу натижа ўзбекистонлик чавандознинг халқаро майдондаги кучли рақобат шароитидаги юқори маҳоратини яна бир бор намоён этди.
Мусобақа доирасида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев Германиянинг от спорти соҳасидаги таниқли мутахассиси, “Gugler Sport Horses” отхонаси раҳбари Дитмар Гуглер билан учрашди.
Учрашув давомида Дитмар Гуглер федерация раҳбарини “Gut Ising” мажмуасидаги отхоналар ва мавжуд инфратузилма билан таништирди. Бу ерда спорт отларини сақлаш ва тайёрлаш учун замонавий шароитлар яратилган. Жумладан, учта ёпиқ манеж, учта очиқ машғулот майдони, отларни юритиш учун замонавий мослама, ўнта паддок, поло майдони ҳамда отларни чиниқтириш ва машқ қилдириш учун махсус йўлак мавжуд.

Шунингдек, яқин ўрмон ҳудудларида отлар билан машғулот ўтказиш имконияти яратилган. Замонавий отхоналарда отларни тозалаш ва ювиш хоналари, шунингдек, солярийлар мавжуд.
Мулоқот чоғида томонлар ўзаро тажриба алмашиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, келаси йили ўзбекистонлик чавандозларнинг “Gut Ising” базасида ўтказиладиган халқаро мусобақада яна иштирок этиши режалаштирилди.
Шу билан бирга, мазкур мажмуа базасида Ўзбекистон чавандозлари ва спорт отлари учун ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилиниб, бу борада келишувга эришилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА