Бекобод шаҳри янада обод ва тараққий этган масканга айланади
Президент Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистон металлургия комбинатида амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, мамлакатимизда қора металлургия саноатини янада ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Бекобод шаҳрига электропоездда келди.

Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрда қабул қилинган “2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда транспорт инфратузилмаси янгиланиб, маҳаллий қатновлар кенгайтирилмоқда. Натижада аҳоли учун қулай ва сифатли транспорт хизматлари йўлга қўйилмоқда.
Бекобод вокзалида Президентимизга пойтахт ва мазкур шаҳарни боғловчи йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
192 километрлик “Тошкент – Бекобод” темир йўл қатнови кунига қарийб минг нафар, йилига эса 300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Эндиликда унда олти вагондан иборат, 586 нафар йўловчига мўлжалланган электропоезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланади. Бу, айниқса, ҳар куни иш ва ўқишга қатнайдиган фуқаролар учун қўшимча қулайлик яратади.

Электропоездда йўловчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ўрнатилган. Вагонлар кондиционер ва иситиш тизимлари, юмшоқ ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ҳамда Wi-Fi тармоғи билан жиҳозланган. Шунингдек, видеокузатув тизимлари, электрон ахборот таблолари ва велосипедлар учун махсус жойлар мавжуд.
Тезкор электропоезднинг қатновга қўйилиши автомобиль йўлларидаги транспорт юкламасини камайтириш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга хизмат қилади.
Президентимиз темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, тармоқларни электрлаштириш ва темир йўлларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сифати ва йўловчилар ҳаракатини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳридаги Ўзбекистон металлургия комбинатида барпо этилган янги Қуюв-прокатлаш мажмуасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари комбинат жамоаси, меҳнат фахрийлари ва хорижий ҳамкорларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда кон-металлургия соҳасини янги технологик босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган ўн йилда соҳага қарийб 2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 31 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида тармоқда фаолият юритаётган корхоналарнинг сони 150 тадан ошди.
Шу даврда маҳаллий металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 3 миллион тоннага, қиймати эса 23 триллион сўмга етди. Таққослаш учун 2016 йилда 1,5 триллион сўмлик 800 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Илгари асосан қурилиш соҳаси учун металл прокат етказиб берган тармоқ бугунги кунда машинасозлик, электротехника, мудофаа саноати ва энергетика каби тез ривожланаётган йўналишлар учун 80 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
Президентимиз металлурглар меҳнати Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини яратиш, йирик бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Мамлакатимиз иқтисодиётини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб, 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Келгуси беш йилда иқтисодиётга 180 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 27 миллиард долларлик ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш, 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш режалаштирилган.
Бундай улкан марралар металл маҳсулотларига бўлган талабни ҳозиргига нисбатан 1,5 баробар оширади.
Шу маънода, 5,5 минг нафардан зиёд аҳил ва фидойи меҳнат жамоасига эга Ўзбекистон металлургия комбинатининг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди.
Янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси комбинатда энергия тежамкор технологиялар ва рақамли ечимларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифатини оширишда янги даврни бошлаб беради.
Мазкур мажмуа мамлакатимизда иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи лойиҳа сифатида тарихдан жой олади.
Унинг ишга туширилиши натижасида йилига 8 триллион сўмлик 1 миллион тонна иссиқ прокатланган пўлат лист ишлаб чиқарилади. Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг прокат листларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади. Шунингдек, 1 минг 200 та юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуани барпо этишда иштирок этган қурувчи ва муҳандислар, технолог ва машинистлар, ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийлари ҳамда хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон металлургия комбинатини янада ривожлантириш бўйича келгуси режалар ҳам белгилаб берилди.
Комбинатнинг хомашёга бўлган талабини маҳаллий ресурслар ҳисобидан таъминлаш энг устувор вазифа бўлиши таъкидланди. Мамлакатимиз ҳудудларида 1,5 миллиард тонна темир рудаси захираси мавжуд.
Яқин уч-тўрт йилда “Тебинбулоқ” конини ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш режалаштирилган.
“Сурун-ота” конидаги маъданларни бойитиш натижасида эса йилига 600 минг тонна темир хомашёси олиш йўлга қўйилади. Ушбу хомашёни қайта ишлаш учун комбинатда қиймати 180 миллион долларлик замонавий металлургия заводи қурилиши бошланади.
Келгуси уч йилда 30 миллион доллар инвестиция ҳисобига пўлат шарлар ишлаб чиқариш линиялари босқичма-босқич модернизация қилиниб, уларнинг қуввати 250 минг тоннадан 500 минг тоннагача оширилади.
Жорий йилнинг ўзида мазкур саноат паркида катта диаметрли қувурлар, кўтарма кранлар ва фильтрлаш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа бошланади. Уларнинг амалга оширилиши натижасида яна 660 та юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Президентимиз металлургия оғир, аммо шарафли соҳа эканини таъкидлаб, комбинат ишчи-ходимларининг машаққатли ва фидойи меҳнати юксак ҳурмат ҳамда таҳсинга сазоворлигини қайд этди.
Салкам бир асрлик тарихга эга комбинатда устоз-шогирд анъанаси асосида фаолият юритаётган мутахассисларнинг билими, тажрибаси ва касбий салоҳияти кўплаб меҳнат жамоалари учун чинакам намуна экани таъкидланди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, Қуюв-прокатлаш мажмуаси фаолиятига старт берди.
Соҳа фахрийлари, комбинат ходимлари ҳамда хорижий ҳамкорлар билан мулоқот қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон металлургия комбинати Қуюв-прокатлаш мажмуасининг ягона бошқарув пульти орқали метални прокатлаш жараёнларини кўздан кечирди.

Кейинги йилларда комбинатни модернизация қилиш ва унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада комбинатнинг соф фойдаси 2017 йилдаги 14 миллион доллардан 2025 йилга келиб, 23 миллион долларга етган.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 29 август куни Бекободга ташрифи чоғида Қуюв-прокатлаш мажмуаси қурилиши лойиҳасига тамал тошини қўйган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 839 миллион долларни ташкил этади. 18 гектар майдонда барпо этилган мазкур стратегик аҳамиятга эга мажмуа мамлакатимизда металл маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.
Бу ерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2 миллион тоннага етказиш, қўшимча равишда 1,04 миллион тонна ўрамли пўлат лист прокати ишлаб чиқариш ва комбинатдаги жами иш ўринларини 7 мингтага етказиш режалаштирилган.
Мажмуада Италиянинг “Danieli” компанияси тажрибаси асосида илк бор узлуксиз пўлат қуйиш ускунаси бошқа барча технологик жиҳозлар билан интеграция қилиниб, ягона бошқарув пульти орқали бошқарилмоқда.

Аввалги технологияларда 4-5 та бошқарув пультидан фойдаланилган ва уларда 9 нафар ходим меҳнат қилган бўлса, бугунги кунда ягона бошқарув тизими орқали жараённи атиги 3 нафар мутахассис назорат қиляпти.
Президентимиз ягона бошқарув тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиб, мажмуанинг барқарорлиги ва иқтисодий самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади.
Ускуналарнинг хавфсизлиги ва тезкорлиги бўйича мазкур мажмуа Марказий Осиёда ўзига хос ва муқобили йўқ лойиҳа ҳисобланади. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатмаган ҳолда инсон омили иштирокисиз асосий валларни аввалги 30-40 дақиқа ўрнига атиги 5-7 дақиқада автоматик равишда алмаштириш имконияти яратилган.
Президентимиз лист прокатидан тайёрланган маҳсулотларнинг намуналарини ҳам кўздан кечирди.
Мутасаддиларининг ахборотлари ҳам тингланди. Хусусан, иссиқ прокатланган лист маҳсулотлари қўшилган қиймат занжири, республикада ишлаб чиқаришни ўзлаштириш тавсия этиладиган маҳсулотлар хусусида ахборот берилди.
Қурилишда арматура маҳсулотининг муомаласини тартибга солиш, қурилиш объектларида қора металл прокатининг қўлланилиши устидан назорат ва сейсмик хавфни камайтириш бўйича амалий ишлар тушунтирилди.
Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон металлургия комбинатида қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари қора металлургия қурилиш, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби жами 50 миллиард долларлик иқтисодиёт тармоқлари учун асосий хомашёлардан бири эканини таъкидлади.
Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиб, ялпи ички маҳсулотни 2030 йилда 240 миллиард долларга етказиш учун йилига камида 8-9 фоизли ўсишни таъминлаш зарур. Мазкур жараёнда металлургия саноати барқарор хомашё базаси, рақобатбардош маҳсулот ва замонавий технологияларга таяниши шарт.
Шу билан бирга, соҳада импортга боғлиқлик, таннарх ва энергия сарфининг юқорилиги, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича натижалар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Жаҳондаги зиддиятлар ва асосий транспорт йўлакларидаги логистика муаммолари шароитида айни масалалар янада долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда пўлат лист, навли прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга эҳтиёж 3 карра ортиб, 5,5 миллион тоннага етди. Янги қурилаётган атом электр станцияси, Тўртинчи мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводининг ўзига 2,5 миллион тоннага яқин пўлат лист ва арматура керак бўлади.
Келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик янги қувватлар ишга туширилади, 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиб, 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади. Бунинг натижасида металл маҳсулотларига йиллик эҳтиёж 2030 йилгача 1,5 баробар кўпайиб, 8 миллион тоннадан ошади.
Бугунги кунда Бекобод металлургия комбинати металл прокатнинг 40 фоизини иккиламчи металдан, 60 фоизини импорт ҳисобидан ишлаб чиқармоқда. Республика бўйича ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом комбинатга топширилаётган бўлса-да, яна 500 минг тонна металлолом хуфиёна айланмада қолмоқда.
Шу боис, қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар электрон платформа орқали реал вақт режимида мониторинг қилинади. Соҳада соғлом рақобат муҳити ва нарх барқарорлигини таъминлаш, таъсирчан назорат механизмларини ўрнатиш учун Ҳукуматда алоҳида Лойиҳа офиси ташкил этилади. 1 августдан “Е-лом” электрон платформасини ишга тушириб, қора металл айланмасини назоратга олиш топширилди.
Мамлакатимизда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси мавжуд. “Сурун-ота” конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган. Шунингдек, “Тебинбулоқ” конини ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилиши, Тожикистон металлургия комбинатидан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини олиб келиш бўйича шартномани расмийлаштиришни тезлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йирик хусусий корхоналар геология-қидирув ишлари, конлардан хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни ташкил этишга тайёр экани таъкидланиб, бунинг учун уларга шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари темир сифатини ошириш учун марганец ва ферросилиций хомашёсига ҳам талаб ортишини таъкидлади. Мутасаддиларга истиқболли майдонларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, темир ва уни бойитишга зарур минераллар захирасини кўпайтириш бўйича геология дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхоналар фаолият юритмоқда. Уларни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида четдан хомашёни марказлашган ҳолда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу компанияга 200 миллион доллар ажратилади, импорт хомашё фақат биржа орқали сотилади.
Йиғилишда металл маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш, йирик комбинатлар ва хусусий корхоналар ўртасида кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун ишга туширилган Қуюв-прокатлаш мажмуаси ҳисобига автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари соҳаларида 1,5 миллиард долларлик маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилмоқда.
Мутасаддиларга чоксиз қувур, совуқ прокат, метални 3D усулда босиб чиқариш ва юқори аниқликда ишлов бериш бўйича лойиҳалар тўпламини тайёрлаш топширилди.
Бекобод металлургия комбинатидаги 90 гектар майдонда тайёр инфратузилмага эга “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки” ташкил этилади. У ерда қора металлар бўйича R&D маркази ва халқаро сертификат берадиган замонавий лаборатория ишга туширилади.
Шунингдек, Самарқанд, Жиззах, Наманган ва Сирдарёдаги йирик металлургия корхоналари атрофида жами 100 миллион долларлик кооперация лойиҳалари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу ҳудудларда қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш ва янги маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга хизмат қилади.
Йиғилишда металлургия саноатида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида сунъий интеллект орқали операцион харажатлар, таннарх ва энергия сарфини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича натижалар борлиги қайд этилди.
Металлургия корхоналарида сунъий интеллект ва рақамлаштириш орқали ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини 20 фоизга ошириш, таннархни 10 фоиз, энергия сарфини 15 фоиз, техник хизмат харажати ва технологик узилишларни 20 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
Металлургия саноатига “ақл маркази” сифатида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази белгиланди. Шунингдек, соҳага Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларининг илмий марказлари, Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг “Ўзбекистон – Корея” илмий-технологик маркази, Тошкент давлат техника университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Олмалиқ давлат техника институти ҳамда “Москва пўлат ва қоришмалар институти”нинг Олмалиқ филиали бириктирилди.
Ушбу илмий муассасалар ва олийгоҳлар янги турдаги материалларга талабни, уни қоплаш учун қайси ҳудудда қандай лойиҳа қилиш ва қандай технологиядан фойдаланиш зарурлигини, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади. Ҳар бир ҳудуд кесимида бир йиллик, уч йиллик ва беш йиллик дастурлар ишлаб чиқилади.
Янги ўқув йилидан Бекобод комбинатида қора металлургия бўйича кафедра очилиб, дуал таълим йўлга қўйилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига металлургия соҳасидаги муаммоларни бир жойга жамлайдиган рақамли платформани ишга тушириш топширилди. Илмий ишланмаларни молиялаштириш ва амалиётга жорий қилиш бўйича венчур фонд ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари соҳада “технологик сакраш” қилиш зарурлигини таъкидлаб, қора металлургияда хомашё базасини кенгайтириш, импортга қарамликни камайтириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш, янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ҳамда хусусий сектор билан кооперацияни кучайтиришни асосий вазифалар сифатида белгилаб берди.
Йиғилишда соҳа мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи давомида “Хос ёз” канали бўйи ва Дўстлик маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.

Бир пайтлар эътибордан четда қолган, қаровсиз ва тартибсиз бўлган “Хос ёз” каналининг бўйи бугун шаҳарнинг энг гўзал гўшасига айланди. Эндиликда маҳаллалар яқинида барча қулайликларга эга замонавий экологик макон пайдо бўлди.
Ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича мастер-режа доирасида 3 километр узунликда махсус пиёдалар йўлаги ва 5,4 километрлик мустаҳкам тўсиқлар қурилди, 2 та кўприк қад ростлади. Шунингдек, лойиҳа натижасида соҳил бўйида 27 та янги савдо ва замонавий хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилиб, 167 та янги доимий иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда спорт билан шуғулланаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

Дўстлик маҳалласи ҳудуди ҳозир 28 гектарни ташкил этади. Бу ерда 33 та кўп қаватли уй, хусусий мактабгача таълим ташкилоти, футбол майдони, 16 та спорт ва болалар майдончаси ҳамда кутубхона мавжуд.
Жорий йилда тадбиркорлар томонидан 1,1 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 10 та хизмат кўрсатиш объекти ва 1 та умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилди. Натижада 25 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан “Ватанпарвар боғи” ҳам барпо қилинди. Унда ҳарбий-техника намуналари ўрнатилиб, хизмат кўрсатиш объектлари қурилди.
“Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан маҳалла ҳудудида Бекобод шаҳри музейи ташкил этилди. Маҳаллада нуронийлар ва меҳнат фахрийларининг дам олиши, учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун ёғоч конструкцияли ёзги шийпон қад ростлади.

Давлатимиз раҳбари маҳалладаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Маҳалла фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан самимий мулоқот қилди.
– Барча амалга ошираётган ишларимиз, барпо этилаётган объектларимиз ва лойиҳаларимиз, аввало, аҳолига хизмат қилиши, инсонлар ҳаётини яхшилаши керак. Одамлар ўз маҳалласида, шаҳрида кечаётган ўзгаришларни ҳис қилиши, уларнинг самарасини кундалик ҳаётида кўриши керак.
Ҳар сафар ҳудудларга келганимизда инсонлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг нафасини, унинг янгиланиш ва тараққиёт шабодасини ҳис этиши зарур. Бекобод шаҳри ҳам ўзининг меҳнаткаш ва фидойи аҳолиси, иқтидорли ёшлари, ҳаёт тажрибасига эга нуронийлари билан янада обод ва тараққий этган масканга айланиши керак.
Биз ёшларимизнинг орзу интилишлари, нуронийларимизнинг эзгу ният ва мақсадлари рўёбга чиқиши учун барча имкониятларни сафарбар этамиз, – деди Президентимиз.
Шу билан Президентимизнинг Бекободга сафари якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари