Бегали ҚОСИМОВ: “ТАНЛАНГАН АСАРЛАР”
Атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, аллома Бегали Қосимовнинг “ТАНЛАНГАН АСАРЛАР” номли III жилддан иборат китоблари нашрдан чиқди.
Китобнинг I жилди “Ўзбек адабиёти тарихи” деб номланади. Ушбу жилдда ўзбек адабиётининг қадимги давридан XIX аср охирларигача бўлган адабий ҳодисалар, ижодкорлар, уларнинг асарлари ҳақидаги тадқиқотлар жамланган.
II жилди “Миллий уйғониш даври адабиёти” деб номланади ва унда жадидчилик ва жадид адабиёти таҳлили, хусусан, Беҳбудий, Сиддиқий-Ажзий, Нозимахоним, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Сўфизода сингари маърифатпарвар адибу шоирлар асарларида жадидчилик ғояларининг бадиий, илмий-публицистик талқини масалалари илмий-назарий асосда таҳлил қилинганини кўрасиз.
III жилди “Адабий-тарихий жараён”га бағишланади. Унда олимнинг замонавий адабий-тарихий жараён билан боғлиқ мақолалари, адабий суҳбат ҳамда сафар хотиралари, хусусан, мустақиллик даври адабий-илмий ҳаётига доир жиддий кузатишлари, замондошлари билан суҳбатлари, илмий сафарлари давомида кўрган-кечирганлари ўз аксини топган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашр этилган ушбу нодир китоблар адабиётимиз муҳиблари, мухлисларига миллий адабиётимиз тарихи, кечаси ва бугунини янада чуқурроқ англаш имконини беради.
Бегали Қосимовнинг “ТАНЛАГАН АСАРЛАР”ини, албатта, ўқинг.
Умида Яхшибоева,
ЎзЖОКУ магистратурасининг 2-босқич талабаси