Байрамолди ярмаркалари гавжум
Янги йил байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда Фарғона вилоятида ҳам турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Янги йил байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда Фарғона вилоятида ҳам турли тадбирлар ўтказилмоқда.Аҳолининг байрам дастурхони янада тўкин бўлиши, уларни сифатли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида вилоят ва барча туманлар марказида ташкил этилган байрам ярмаркалари, турли ўйинчоқлар билан безатилган арчалар барчага хуш кайфият улашмоқда.
Қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётган ярмаркаларда она заминимизда етиштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидорларга таклиф этилаётир.
Фарғонадаги "Марказий" деҳқон бозорида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси харидорлар билан айниқса гавжум. Бу ерда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик яратилган. Тўловни нақд пулсиз амалга ошириш учун терминаллар ўрнатилган. Тоза ва озода расталарда турли ноз-неъматлар, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари арзон нархларда сотилмоқда. Ярмаркага фермер ва деҳқон хўжаликлари сифатли маҳсулотларини пешма-пеш етказиб бераётир.
– Ярмарка бизга катта қулайлик яратмоқда, – дейди Фарғона шаҳрида яшовчи Азиза Расулова. – Рўзғор учун зарур барча маҳсулотларни шу ердан арзон нархларда харид қилмоқдамиз. Қиш фаслида ҳам бозорда нарх-наво барқарорлиги таъминланаётгани учун давлатимиздан миннатдормиз. Тинч, осойишта ва тўкин-сочин юртда яшаётганимиздан фахрланамиз.