Байрамлардан бошланар баҳор ифори
Тошкент музейида Ўзбекистон бадиий академияси ҳамда Чилонзор тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида “Наврўз уйғониш, нафосат ва бағрикенглик байрами!” номли маънавий-маърифий, маданий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Дилором Мамедованинг “Баҳор ифори” номли кўргазмаси ташкил этилди.


Тадбирда қайд этилганидек, рассомнинг бетакрор ўзига хос услуби ўзбек халқининг бой маданий мероси – урф-одатлари, анъаналари ва маънавий қадриятларининг ёрқин ифодаси.
“Мўтабар аёл”, “Ибратли оила” кўкрак нишони, “Дўстлик” ордени соҳиби бўлган хотин-қизларнинг табриклари, Чилонзор тумани Оила ва хотин қизлар бўлими, “Оқила аёллар” ҳаракати “Гавҳар” номли фольклор ансамблининг бадиий-мусиқали чиқишлари, музей рассоми Фаина Деденёванинг кулолчилик ижодидан намуналар намойиши, “Юнус Ражабий” номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабаларининг доира садолари Наврўз айёмига янада шукуҳ бағишлади.


Гулноза Бобоева, ЎзА