Байрам ёшлар марказида нишонланди
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида тантанали маросим ўтказилди.
Тадбирда вилоят фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йиғилганларни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Конституция куни билан табриклаб, Бош Қомусимиз асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақида гапирди.
– Конституция давлатнинг сиёсий тузуми, ташкилий асосларини белгилаб бериш баробарида тараққиётга ҳам йўл очди – деди Э.Турдимов. – Биз буни мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришларда кўриб турибмиз. Мисол учун, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да вилоятимизда инвестиция дастури асосида жами 122 та ижтимоий соҳа объекти қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Жумладан, 47 та мактабгача таълим муассасаси, 50 та умумтаълим мактаби, 17 та соғлиқни сақлаш ташкилотида замон талабларига мос шароит яратилди. Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидаги кўп қаватли уйларга 773 та оила кўчиб ўтди. Уларнинг 290 таси ёш оилалар экани эътиборлидир. Бу йил вилоятдаги олий ўқув юртлари 11 тага етди, талаба-ёшларимиз эса 59 128 нафарни ташкил қилмоқда. Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш қарийб 63 фоизга етди.
Маросимда элимиз ардоғидаги санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (фото), ЎзА