Байрам янги бинода нишонланди
Бухоро вилояти Когон шаҳри прокуратураси ходимлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги байрамини янги бинода нишонлашди.
Когон шаҳар прокуратураси айни кунга қадар “Ватанпарвар” кўчаси 4-уйда жойлашган 1888-1890 йилларда пишиқ ғиштдан эскича услубда қурилган бинода фаолият кўрсатган. Мазкур бино ҳар томонлама эскирган эди. Бинонинг кўримсизлиги, хоналарнинг кичиклиги, иситиш тизимининг носозлиги ходимларнинг меҳнат фаолиятига салбий таъсир кўрсатарди.

“Аббособод таъмир” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан амалга оширилган қурилиш ишларига 1 миллиард 531 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада икки қаватли бинода ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хизматчиларининг ўз функционал вазифаларини самарали олиб боришлари учун барча зарур шароитлар яратилди. Бино халқаро андозаларга мос, барча қулайликларга эга бўлган сўнгги жиҳозлар билан таъминланди.

Тантанали маросимида секторлар раҳбарлари, соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Тадбир қатнашчилари янги бинода яратилган қулайлик ва шароитлар билан танишди. Бинода шаҳар прокуратураси билан бирга департаментнинг шаҳар бўлими ҳам фаолият олиб боради. Хоналарга замонавий жиҳозлар, компьютер жамланмалари, интернет тизими, кузатув камералари ўрнатилган.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Маҳмуд Истамовлар иштирок этди.

Зариф Комилов, ЎзА