Байрам катта қувончлар билан қарши олинди
Ўттиз беш йил — тарих учун бир лаҳза, инсон ҳаёти учун эса улкан ўзгаришлар даври. Боёвутликлар бу санани юрт тараққиёти, эл фаровонлиги ва эртанги кунга ишонч тимсоли сифатида катта хурсандчилик билан қарши олдилар.
Туман марказий майдонида ўтказилган байрам тадбирида туман аҳолиси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, нуронийлар, ёшлар, хуллас, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошлар иштирок этишди. Улар Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ санасини катта шодиёна ва юксак кайфият билан нишонладилар.
Шодиёнада туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирокчиларни, улар тимсолида барча боёвутликларни Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди.
Табрик сўзида мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, сўнгги йилларда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва ижтимоий соҳаларни тараққий эттириш борасида эришилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, бугун Боёвутда ҳам бунёдкорлик ва янгиланиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Янги ишлаб чиқариш объектлари, замонавий инфратузилма, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар туман қиёфасини янгилаш билан бирга, аҳоли учун янги имкониятлар яратмоқда.
[gallery-31160]
Тантанали лаҳзаларда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Юзлаб юртдошларимиз Ватанга муҳаббат, истиқлолдан фахрланиш ва келажакка ишонч туйғулари билан мадҳияга жўр бўлдилар.
Байрам тадбирида «Боёвутлик Ҳумоюн» фермер хўжалиги раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳиби Абдулла Бегматов ҳам иштирок этди. Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиб, ҳосилдорликни оширишга интилаётган фермер бугунги имкониятлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Фермер хўжалигимиз Навоий номли сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган. Хўжалигимиз тасарруфида 154 гектар ер майдони бўлиб, шундан 134 гектарига пахта, 20 гектарига ғалла экканмиз. Қувонарлиси, жорий йилда ғалладан гектарига 84 центнердан ҳосил олдик. Пахта ҳосили ҳам яхши. Насиб қилса, гектаридан 80 центнердан ҳосил олишни мақсад қилганмиз, — дейди Абдулла Бегматов.
Байрам тадбирининг бадиий қисмида ёш истеъдод соҳиблари, туман санъаткорлари, сўз усталари ва фольклор жамоалари ўз чиқишларини намойиш этдилар. Ватан, тинчлик, меҳр-оқибат ва юрт ободлигини тараннум этган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Таниқли санъаткорлар ва эстрада хонандаларининг чиқишлари эса шодиёнага янада файз киритди. Томошабинлар севимли қўшиқларга жўр бўлиб, байрамона кайфиятни биргаликда баҳам кўрдилар.
Кеч кириши билан байрам майдонидаги шодиёна янада авж олди. Осмонни ёритган ранг-баранг мушаклар эса тантаналарга нуқта қўйиб, йиғилганларга ўзгача завқ бағишлади.
Боёвутликлар Мустақилликнинг 35 йиллигини ана шундай кўтаринки кайфият, шукроналик ва эртанги кунга ишонч билан қарши олдилар.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА