Бахтиёр Саидов Марко Рубио билан мулоқот ўтказди
Бугун Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистон–АҚШ Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказди.
Таъкидланишича, ушбу механизм ишга туширилиши икки давлат муносабатларини изчил ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

– Мамлакатларимиз Раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш, савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, энергетика, муҳим минераллар ҳамда илғор технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашдик. Таълим, маданий-гуманитар алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдик, -деди Б.Саидов ўзининг телеграм каналида.
Ўлкамиз ташқи сиёсати идораси раҳбари фикрича, мазкур мулоқот ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва стратегик шериклик доирасида янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишга мустаҳкам асос яратади.
Ў.Алимов, ЎзА