“Бахтим шу – ўзбекнинг Зулфиясиман”
Биз афғон қизлари Ўзбекистонга ўқишга келгунимизча Тўмарис, Нодирабегим каби буюк момоларимиз ҳаёти, ижоди ва жасорати ҳақида эшитган бўлсак-да, минг афсуски, дунёга танилган XX аср ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаси, элу-юртга садоқат билан хизмат қилган ҳассос шоира Зулфия Исроилова тўғрисида жўяли маълумотга эга бўлмаган, ул зотнинг шеърларини ўқимаган эканмиз.
Ўзбекистондаги таълим муассасамизда афғонистонлик ўзбек қизлари Зулфияхоним ижоди билан яқиндан танишиб, яна бир юрт куйчиси, садоқатли дўст ва Шарқ аёлларига хос вафодор ёрни кашф этганимиздан қувончимиз чексиз. Дилбар шоиранинг гўзал шеърларини қайта-қайта ўқиб, ёд олмоқдамиз. Ашъорларидан илҳом олиб, ижод кўчасига қадам ташламоқдамиз. Оддий ўзбек аёли, шоира, рассом ва вафодор ёрга ҳавасдамиз.
Зулфия шеъриятининг нафислиги ва ўзига хослиги – мураккаб даврнинг ҳаққоний ифодаси, замондошларимизнинг қалби ҳамда ҳаракатларининг ёрқин тасвиридадир.
Шоира ҳаёти ва ижоди билан танишар экансиз, унинг эл аро машҳурлиги тасодифий эмаслигини шундоқ англаб оласиз. У болалигидан зийрак, атрофга бошқача ҳайрат кўзи билан қарайдиган ва бошқалар илғолмаган жиҳатларни кўрувчи қизча бўлган. Оиласидаги адабий муҳит ҳам Зулфияхонимда бадиий ижодга қизиқиш уйғотган. Бу ҳақда шоиранинг ўзи хотираларида ёзиб қолдирган.
Зулфия ижоди ўз даврининг покиза булоқларидан сув ичган нафис ва гўзал дурлардир. Шу боис ҳам инсон руҳиятининг бетакрор куйчиси шеърлари китобхонни нафосатга, эзгуликка дўст тутиниб, навниҳол баҳор фаслининг оппоқ тонгига етаклайди. Қалбини ўзгача ҳарорат билан иситади. Оташқалб шоиранинг тинчлик ҳақидаги, инсон руҳиятини ғажиб ташлай оладиган ҳижрон тўғрисидаги, табиатнинг ажиб бир ҳолати тасвирланган шеърлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Шу боис шоиранинг барча аёлларга, онажонларга, маъшуқаларга хос, тушунарли, англатарли бўлган шеърияти асло эскирмайди. Унинг асарларида ҳалол инсон туйғуларининг порлоқ юлдузи чарақлаб туради. Зулфия шеърияти табиатга ҳамда унинг ажралмас қисми ва юқори чўққиси бўлмиш одамзодга нисбатан ҳаяжонли севги билан бурканган.
Беназир аёл, буюк она ҳамда садоқат ва вафо тимсолига айланган Зулфия Исроилова инсон қалб туғёнларининг ўткир билимдони бўлиб, турли жанрларда асарлар яратгани ҳам бизда бой таассурот уйғотди. Унинг достонлари, балладалари, элегиялари, насрий шеърлари, ҳикоя ва очерклари, публицистик мақолалари ҳар қандай ўқувчини чуқур мушоҳада юритишга чорлайди. Аксарият шеърлари бутун дунё халқларини тинчлик ва дўстлик атрофида бирлаштиришга даъват этади. Уруш йилларидаги ватанпарварлик ҳисси йўғрилган шеърлари инсонни жасоратга ундайди. Зеро, улуғ шоира шеърларидан бирида инсон руҳининг боқийлиги, эзгулик ва адолатнинг абадийлиги хусусида сўз юритиб, “Бахтим шу – ўзбекнинг Зулфиясиман” дея ёзганида ҳам чуқур маъно мужассам.
Таълим муассасамизда ҳар йили 1 март куни ўзбек шеъриятида ўзига хос ўринга эга Ўзбекистон халқ шоираси – Зулфияхоним туғилган кунни кенг нишонлаб, мушоира кечалари ўтказамиз. Халқимизнинг олижаноб хислатларини эгаллаган улуғ шоира шеърларини ифодали ўқиб, саҳна кўринишларини намойиш этамиз. Бу ҳам Зулфия ўзининг ибратли умри, беназир истеъдоди ва ёрқин шахсияти билан миллатимиз қалбидан теран жой олганига, унинг қутлуғ номи ва ўлмас мероси безавол яшаётганига яққол далилдир.
Мазкур мақолани ёзиш ва Зулфияхоним ижодига назар солиш орқали яна бир карра шунга амин бўлдимки, ўзбек адабиёти ўтган асрда ҳар қанча зиддиятли, машаққатли ва мураккаб йўлни босиб ўтган бўлмасин, унда қатор чин маънодаги ижодкорлар етишиб чиққан ва уларнинг орасидаги порлоқ юлдузлардан бири бу Зулфияхоним бўлган. Ҳаётидаги меҳнатсеварлиги, интилувчанлиги, садоқатли ёр экани, бадиий ижодда бетиним изланувчан бўлгани, ҳаёт қийинчиликларини мардонавор енгиши, эришилган ютуқлари олдида ўзини йўқотмаслиги ҳар қандай хотин-қиз қалбида ўзгача ҳавас уйғотади.
Буюк шоира, садоқатли ёр ва вафо куйчисига юксак эътибор, чуқур эҳтиром сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июнда қабул қилинган фармони билан мамлакатда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши адабиёт, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида изланаётган, фаол, фидойи, ташаббускор ва иқтидорли қизларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этаётгани ҳам биз, афғон қизларига жуда манзур бўлди. Ўтган даврда ўзининг аъло билими, хулқи, адабиёт, санъат каби соҳалардаги истеъдодини кенг намоён этган юздан ортиқ иқтидорли қиз ушбу мукофотга сазовор бўлганига ҳавас қилдик. Бугун яна шуни ифтихор билан айтишим мумкинки, таълим муассасамизда ҳам бизга Зулфияхоним мукофотига сазовор бўлган устозлардан бири сабоқ бермоқда. Демак, Зулфияхоним ижоди хотин-қизлар қалбида ҳамиша порлаб туради.
Шекибо Самадий,
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини
ўқитиш таълим маркази талабаси.
ЎзА