Бахт манзилларини бетон ва ғиштдан тикласа бўлишини исботлаётган массивлар
Президент ташаббуслари – амалда
Бир дарвозадан уч оила кириб чиқади. Вақт ўтиши билан набиралар кўпайди. Улар уйғая бошлаганда эса катта ҳовли ҳам торлик қилиб қолади.
– Отаси, кенжани ёнимизда қолдириб, қолганларни учирма қилайлик, – дейди кампир дастурхоннинг у ёқ-бу ёғини тўғирлар экан. – Буларингиз шаҳарга ошиқади. Менинг эса узоққа қўйиб юборгим йўқ.

Отахон доимгидай вазмин. У хаёл қилади. Янги уй солиш учун эса ер йўқ, дейди ўзига-ўзи. Янги ўзлаштирилаётган жойлардан ер топганда ҳам ичимлик суви, табиий газ муаммо. Шундай бўлганидан кейин ёшлар ишлаш учун шаҳарга қизиқади-да. У бу хаёлларни тилга чиқармайди.
Сал ўтмай бу мавзу эсдан чиққандай бўлади. Чол-кампирнинг гурунги энди қайсидир набирасининг шўхликлари ҳақида бўла бошлади.
Бу манзарани ўзимиздан-ўзимиз тўқиб-чатмадик. Бу ҳаётий мулоқот “кадр”лари Қўқонда бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” массивидан хонадон сотиб олган ёш оила билан суҳбатлашганимизда хаёлимизда жонланди. Бу ҳақда бироз кейин алоҳида тўхталамиз. Ҳозир эса мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўй чўзаётган мана шундай манзиллар халқ ва давлат учун нима бериши ҳақида қисқа мулоҳазамиз бор.

Бу лойиҳаларнинг амалга ошаётгани мамлакатдаги урбанизация жараёнларини янги босқичга олиб чиқиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган стратегик қадамдир. Аҳоли сонининг тез суръатлар билан ўсиши турар жойга бўлган талабни кескин оширмоқда. Эски уй-жой фонди ва мавжуд инфратузилма бу талабни тўлиқ қондира олмай қолаётгани ҳам сир эмас эди.
Шунингдек, қишлоқларда яшовчи аҳолининг шаҳарларга интилиши ҳам табиий ҳолат. Бу жойлар шаҳар типидаги турар жойларга талабни оширмоқда. Талаб бор жойда қулай таклифнинг бўлиши туғиладиган масалаларга олдиндан ечим саналади. Бу жараёнда тартибли тарзда замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган янги массивларнинг қурилаётгани катта натижа бўлмоқда.
Бундан ташқари, кўплаб ҳудудларда коммуникация тармоқлари эскирган. Уларни реконструкция қилишдан кўра, янги, замонавий тармоқларга эга массивлар қуриш самаралироқ экани халқаро экспертлар томонидан кўп айтилади.

“Янги Ўзбекистон” массивларида кўп қаватли уйлар барпо этилиши орқали аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёш оилалар учун имтиёзли кредитлар асосида уй-жой олиш имконияти яратилди.
Бу лойиҳаларнинг энг муҳим жиҳати, уларнинг комплекс ривожланишидир. Яъни, уйлар билан бирга дарҳол замонавий мактаблар ва боғчалар, поликлиника ва тиббиёт марказлари, савдо мажмуалари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт майдончалари ва истироҳат боғлари барпо этилади.
Хабарингиз бор, 27 апрель куни давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи Қўқон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаёдган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланган эди.
Бу ер азалдан ҳунармандлик ва тадбиркорлик маркази бўлиб келган. Бироқ аҳоли зичлиги турар жой масаласини анча мураккаблаштириб юборган эди. Массивни барпо этиш учун йўналтирилган 1 триллион 850 миллиард сўм миқдоридаги маблағ шунчаки қурилиш йўналтирилмади. Бу 25 минг нафар аҳолининг тақдирини ижобий томонга ўзгартирадиган яхлит экотизимга тикилди десак хато бўлмайди.
Бу ерда 84 та кўп қаватли уй билан бирга олий ўқув юрти ва бизнес марказларининг қурилиши массивнинг иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳудуд бўлишидан далолат беради. Массивнинг илк босқичида 56 та ўн қаватли уй битказилиб, 4 минг 394 оиланинг бахт манзилига айланди.
Ушбу жараёндаги энг муҳим жиҳат молиявий қулайликдир. Яъни, бошланғич тўлов ва узоқ муддатга берилган имтиёзли кредитлар ўрта даромадли оилалар учун ўз уйига эга бўлишни орзудан реалликка айлантирди.
Массивдаги файзли хонадонлардан бирида истиқомат қилаётган Ҳасан Азизовнинг ҳикояси бу ислоҳотларнинг жонли исботидир.
– Турмуш қурганимизга эндигина бир йил тўлди, – дейди Ҳасан Азизов. – Авваллари катта ҳовлида ака-укаларимиз билан бир неча оила бўлиб яшардик. Албатта, ота-онамиз билан бирга бўлиш яхши, лекин кўпчиликнинг бир манзилда яшаши ҳам осон эмас. Биз айнан шу ердан икки хонали уй олдик. Энг қизиғи, мен шу массивнинг ўзидаги бошқарув сервис компаниясида ишлайман. Ишим ҳам, уйим ҳам шу ерда. Турмуш ўртоғимнинг ҳам ҳам қувончи чексиз. Ошхонаси алоҳида, иссиқ сув, газ муаммосиз. Бундай шароитдан қувонмай бўладими!?
Бу оиладаги каби ёшларнинг ўз уйига эга бўлиши жамиятда янги маънавий муҳитни шакллантиради. Ёш оила алоҳида уйга кўчиб чиққач, уларда масъулият ҳисси ортади. Мустақил қарор қабул қилиш ва рўзғор тебратиш кўникмалари шаклланади. Массивдаги мактаб ва боғчаларнинг яқинлиги эса келажакда фарзандларнинг хавфсиз ва сифатли муҳитда камол топишига кафолатдир.
“Янги Ўзбекистон” массивлари одамларнинг яшаш тарзини замонавийлаштираётгани билан аҳамиятли. Бу лойиҳани ёшларни Ватан равнақига дахлдор қилиш ва халқимизга муносиб ҳаёт тақдим этиш стратегияси дейиш мумкин. Қўқондаги бу улкан бунёдкорлик мисолида биз давлатнинг ўз халқига бўлган юксак эътиборини кўришимиз мумкин.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси