Бастакорларнинг байрам туҳфаси
Турмуши фаровон, тинч ва осойишта, халқи ҳаётдан рози юртга байрамлар ярашади. Байрамларни эса куй-қўшиқлар, дилтортар мусиқа, завқли оҳангларсиз тасаввур этиш мумкин эмас.
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
Турмуши фаровон, тинч ва осойишта, халқи ҳаётдан рози юртга байрамлар ярашади. Байрамларни эса куй-қўшиқлар, дилтортар мусиқа, завқли оҳангларсиз тасаввур этиш мумкин эмас.
Истиқлол айёмини Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳам ўзига хос совға – янги-янги куй-қўшиқлар билан кутиб олмоқда. Бу ҳақда мазкур ижодий ташкилот раиси, таниқли композитор, мусиқашунос Рустам АБДУЛЛАЕВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожига кўрсатилаётган чексиз эътибор уюшмамиз фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда, – деди Р.Абдуллаев. – Уюшма биноси замонавий талаблар асосида тўлиқ таъмирланди. Янги жиҳоз ва ускуналар, техник воситалар, мусиқа асбоблари, зарур адабиётлар билан таъминланди. Буларнинг барчаси мусиқа соҳаси вакилларини янада самарали, илҳом билан ижод қилишга даъват этмоқда.
Тўйга тўёна билан борилади, деганларидек, композиторларимиз энг улуғ, энг азиз айёмга бағишлаб янгидан-янги асарлар яратмоқда. Уюшма томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий мулоқотлар, концертлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва қатор ташкилотлар билан биргаликда “Ягонасан, муқаддас Ватан“ республика кўрик-танлови турли вазирлик ва ижодий ташкилотларда кўтаринки руҳда ташкил этилди. Танлов самарасида минглаб янги мусиқий асарлар яратилди. Бунга уюшмамизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги бўлимлари фаол ҳисса қўшдилар.
Қўшиқ байрамининг Маданият, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, бизнинг уюшмамиз тизимидаги босқичлари ғоят кўтаринки руҳда ўтди.
Айни пайтда эстрада, симфоник оркестрлар учун кўплаб мусиқий асарлар яратилди. Шу билан бирга пуфлама чолғулар кўрик-танлови ҳам Ватан, истиқлол, мард ва олижаноб халқимизни тараннум этувчи янги асарлар яратилишига туртки берди.
Энг улуғ, энг азиз айёмга бағишлаб яратилган барча куй-қўшиқлар Тошкент шаҳри ва жойларда бўлиб ўтадиган тантаналарда янграйди. Улар санъат мухлисларига манзур бўлишига умид қиламиз.